Жаҳон | 12:07 / 10.11.2023
8742
3 дақиқада ўқилади

Ҳолливуд актёрлари иш ташлашни тугатди

Актёрлар касаба уюшмаси иш берувчилар билан умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошиқ «фавқулодда миқёсдаги» келишувга эриша олди.

Фото: AP

АҚШ Телевидение ва радио артистлари федерацияси ҳамда Киноактёрлар гилдияси (SAG-AFTRA) Кино ва телевидение продюсерлари алянси (AMPTP) билан ўз аъзоларига 9 ноябр, пайшанба кунидан бошлаб 118 кунлик иш ташлашни тугатишга имкон берувчи тахминий келишувга эришганини маълум қилди. SAG-AFTRA'нинг X (собиқ - Twitter) саҳифасида эълон қилинган баёнотда: «биз 1 миллиард доллардан ортиқ фавқулодда қийматдаги келишувга эришдик», дейилади.

Шартнома минимал тўловларни оширишни, федерация аъзоларини «сунъий интеллект таҳдидлари»дан ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига олади ва биринчи марта «оқимли эфирдаги иштирок учун бонусни» ўз ичига олади.

Тахминан 160 000 кишидан иборат актёрлар касаба уюшмаси 14 июл куни иш ташлашни бошлади, бу АҚШ киносаноатидаги барча ишлаб чиқаришни амалда тўхтатди. Актёрлар маошларни ошириш, қўшимча ишлаганлик учун компенсация тўлаш ва кинода сунъий интеллектдан фойдаланишни чеклашни талаб қилган.

Иш ташлашлар киносаноатига миллиардлаб доллар зарар келтирди

Актёрларнинг иш ташлаши Америка сценарий муаллифлари гилдиясининг 2 май куни бошланган норозиликлари ортидан бўлиб ўтди. 11 500 дан ортиқ ижодкорлар ҳамжамияти Кино ва телевидение продюсерлари алянси билан меҳнат шароитларини яхшилаш борасида келишмовчиликлар туфайли оммавий иш ташлаш уюштирди. 9 октябр куни томонлар келишувга эришди ва сценарий муаллифларининг норозилиги тугади.

Financial Times маълумотларига кўра, бу йил Ҳолливудда сценарий муаллифлари ва актёрларнинг иш ташлаши соҳага 5 миллиард доллардан ортиқ зарар етказган. Хусусан, Warner Bros. киностудияси ноябр ойига режалаштирилган «Дюна» фантастик блокбастерининг иккинчи қисмини чиқаришни 2024 йил мартига кўчиришга мажбур бўлди. Бундан ташқари, иш ташлашлар сабабли «Эмми» ва «Оскар» мукофотларини топшириш маросимлари қолдирилди.

Иш ташлашлар стриминг сервисларига ҳам таъсир кўрсатди. Шу тариқа, Amazon «Периферик қурилмалар» сериалининг иккинчи мавсумини суратга олишдан воз кечишга қарор қилди, Apple TV+ эса «Метрополис» сериали лойиҳасини ёпди.

Мавзуга оид