Жамият | 14:42
2774
2 дақиқада ўқилади

Актёр Кэри-Ҳироюки Тагава вафот этди

У актёрлик фаолиятини 36 ёшда бошлаган, Mortal Kombat ўйини асосида яратилган шу номли филмда афсунгар Шан Цун ролини ижро этиш орқали катта машҳурликка эришганди.

Фото: Charley Gallay / Getty Images

Америкалик актёр Кэри-Ҳироюки Тагава 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Deadline нашри унинг оила аъзоларига асосланиб хабар бермоқда. 

Тагава Санта-Барбарадаги (Калифорния штати) уйида, ўз фарзандлари даврасида инсулт асоратлари туфайли вафот этган.

Кэри-Ҳироюки Тагава 1950 йилда Токиода туғилган. Унинг отаси Америка армиясида хизмат қилгани туфайли оила тез-тез кўчиб юришига тўғри келган, якунда Калифорнияда муқим ўрнашган. Тагаванинг онаси Японияда театр актрисаси эди ва фарзандидан актёрлик касбини танламасликни сўраган. Тагава ўз актёрлик фаолиятини 36 ёшга чиққанида бошлаган. 

Тагава режиссёр Бернардо Бертолуччининг 1987 йилда ишланган «Сўнгги император» филмидаги ижроси билан танила бошлаган. Бу картина «Энг яхши филм» йўналишида Оскар мукофотини қўлга киритган. 1995 йилда ўйин мотивлари асосида ишланган Mortal Kombat («Ажалвор жанг») филмидаги афсунгар Шан Цун ролидан кейин эса катта машҳурликка эришади. Кейинроқ «Ажалвор жанг: Мерос» (2013) ва «Ажалвор жанг Х: Авлод» (2015) сериалларидаги эпизодларда бу ролга қайтади. 

Тагава Tekken видеоўйини асосида суратга олинган «Теккен» ва «Теккен 2» филмларида ҳам ёвуз қаҳрамон Ҳэйхати Мисиму ролини ижро этган. Актёрнинг бошқа машҳур филмлари қаторида «Қотиллик учун лицензия» (Licence to Kill), «Кўтарилаётган қуёш» (Rising Sun), «Перл-Ҳарбор», «Маймунлар сайёраси», «47 ронин»,
«Гейшанинг мемуарлари» кабиларни санаш мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид