Жаҳон | 14:51 / 11.11.2023
3616
2 дақиқада ўқилади

Канада Россия ОАВга қарши санкциялар киритди

Канада уруш ташвиқотини тарқатишда иштирок этган деб ҳисоблаган шахслар ва ташкилотларга қарши санкциялар киритди.

Фото: Markiyan Lyseiko/Photoshot/picture alliance

Канада «ҳарбий ташвиқотни тарқатишда иштирок этган» Россиянинг 9 нафар жисмоний ва 6 та юридик шахсига нисбатан санкциялар жорий қилди, деб хабар қилди Канада ТИВ 10 ноябр, жума куни.

«Ушбу санкциялар Кремл томонидан қўллаб-қувватланадиган дезинформация ва уруш ташвиқотидаги роли орқали Россиянинг Украинага қарши урушига бевосита ҳисса қўшаётган шахсларга нисбатан қўлланмоқда», - дейилади Канада Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Учта оммавий ахборот воситаси санкцияга тортилди: «Известия» газетаси, «Парламентская газета» ва «РEН-ТВ» телеканали, шунингдек, RT Russia Beyond медиа-лойиҳаси. Бундан ташқари, «Ягона Россия» партияси ҳамда Россия Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан ташкил этилган Ижтимоий консерватив сиёсат марказига ҳам чекловлар қўйилди.

Хонанда Жасмин ва янги тарих дарслигининг ҳаммуаллифи санкцияга тортилди 

Санкция рўйхатига киритилган шахслар орасида қўшиқчи Жасмин, Россия собиқ ташқи ишлар вазири Игор Иванов, мудофаа вазири маслаҳатчиси Андрей Илницкий, Россия тарих жамияти ҳамраиси ва янги тарих дарслиги ҳаммуаллифи Александр Чубарян, Россия ТИВ «МГИМО» халқаро алоқалар факултети институт декани Андрей Сушенцов, Россия халқаро алоқалар кенгаши дастур директори Иван Тимофеев, «Валдай» клуби дастур директори Олег Барабанов ва «МГУ» доценти Александр Конков ҳам бор. 

Канада Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Канада «Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишда иштирок этган» Россия, Беларус, Украина ва Молдовадаги жами 2700 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкция қўйган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид