Жаҳон | 23:10 / 11.11.2023
15528
2 дақиқада ўқилади

Россияда юк поезди издан чиқди, «теракт» бўйича жиноят иши очилди

Темир йўлда қўлбола портловчи қурилма ишга тушгани айтилмоқда.

Фото: РИА Новости

Россия Тергов қўмитаси Рязан вилоятида юк поезди вагонлари темир йўлдан чиқиб кетгани бўйича жиноий иш қўзғатди.

Тергов маълумотларига кўра, 11 ноябр куни эрталаб Рязан вилоятидаги «Рибное – Блок пост 204-км» станциясида қўлбола портловчи қурилма ишга тушган. Оқибатда, юк поездининг 19 та вагони релсдан чиқиб кетган. Тергов қўмитасининг қўшимча қилишича, улардан 15 таси зарар кўрган.

Ҳодиса юзасидан департамент Жиноят кодексининг террорчилик хуружи ва портловчи мосламаларни ноқонуний олиш, ўтказиш ёки сақлаш моддалари бўйича иш қўзғатган.

11 ноябр куни эрталаб «Москва темир йўллари» Рязан вилоятида «бегона шахслар таъсирида» юк поездининг 19 та вагони релсдан чиқиб кетганини маълум қилди. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчининг ёрдамчиси енгил тан жароҳати олган. Компания, шунингдек, атроф-муҳитга ҳеч қандай таҳдид йўқлиги (вагонларда минерал ўғит бўлган), ҳодиса йўловчи ва шаҳар поездлари ҳаракатига таъсир этмаслигини қўшимча қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид