Жаҳон | 12:08 / 13.11.2023
3400
2 дақиқада ўқилади

Финландия россияликларнинг велосипедда киришини тақиқлади

ОАВ маълумотларига кўра, 9 ноябрдан бошлаб Россия-Финландия чегарасидаги камида учта назорат-ўтказиш пунктида Россиядан велосипедчилар кириши тўхтатилган. Тақиқ расман эълон қилинмаган.

Фото: Reuters

Финландия ўз ҳудудига Россиядан велосипедда киришни тақиқлади, деб хабар берди Санкт-Петербургнинг «Фонтанка» нашри 11 ноябр куни чегарани кесиб ўтишга уринган Россия фуқароларига таяниб. «Ҳеч бир жойда ёзма тасдиқ олишнинг иложи йўқ, лекин велосипедчиларни қайтариб юборишмоқда. Финландия чегарачиларига қўнғироқ қилдик - улар тасдиқлади. Бугун шахсан менга рад жавоби берилди», - деди нашрга ўқувчилардан бири.

«Ваалимаа» назорат-ўтказиш пунктида навбатчи чегарачининг РИА «Новости» давлат агентлигига маълум қилишича, Финландия жануби-шарқидаги барча назорат-ўтказиш пунктлари 9 ноябрдан бошлаб Россиядан велосипедларда мамлакатга кириш учун ёпилган. Агентлик суҳбатдоши чекловлар нима билан боғлиқлиги ва улар Финландиянинг бошқа минтақаларидаги назорат-ўтказиш пунктларига қанчалик тааллуқли эканини аниқлаштирмади.

Чегарани кесиб ўтишнинг ягона усули - автобус 

Умуман олганда, Россия-Финландия чегарасида тўққизта назорат-ўтказиш пункти мавжуд. «Фонтанка» маълумотларига кўра, «Иматра», «Нуйамаа» ва «Ваалимаа» назорат пунктларида велосипедда кириш тақиқланган. 

Нашрнинг қайд этишича, булар автомобил назорат пунктлари бўлиб, пиёда ўтиб бўлмайди. Чегарани кесиб ўтишнинг ягона қонуний усули бу - автобус. 

Финландия чегара хизмати тақиқ ҳақида расман хабар бермади 

Финландия чегара хизмати веб-сайтида Россия фуқароларининг киришига чекловларга бағишланган бўлимда велосипедчилар учун тақиқ ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бироқ, велосипедлар Европа комиссиясининг Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши киритилган санкцияларни қўллаш тартибини тушунтирувчи рўйхатига киритилган.

Худди шу рўйхатга Россия рақамлари бўлган автомобиллар киритилган бўлиб, сентябр ойида Финландия ҳукумати томонидан улар учун кириш ёпилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид