Жаҳон | 10:20 / 14.11.2023
7218
3 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби Украинага қишда ёрдам тақдим этилишига ваъда берди

Молиявий қийинчиликлар фонида Энтони Блинкен Киевга Россиянинг қишки отишмаларидан омон қолиш учун ёрдам тақдим этилишига ваъда берди. 

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак билан учрашув чоғида Киевга қишда Россиянинг мамлакат фуқаролик инфратузилмасини ўққа тутиши эҳтимолини бартараф этишда ёрдам тақдим этишга ваъда берди. Бу ҳақда 13 ноябрь, душанба куни AFP хабар қилган.

«Украина ҳукумати билан бўлган барча суҳбатларимизда уларни қўллаб-қувватлашда давом этишимизни очиқ айтяпмиз», - деди Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер музокаралар ҳақида. Унинг сўзларига кўра, Блинкен Ермак билан Вашингтон ва Киев биргаликда Украина инфратузилмасини келгуси қиш учун мустаҳкамлашда қилиши мумкин бўлган қадамларни муҳокама қилган. 

«Албатта, биз ўтган қишда Россия Украинадаги энергетика объектларини қандай йўқ қилишга уринганини кўрдик. Улар буни яна қилиши мумкин», - деди Миллер. 

Ермак: Украина қишда ҳаво мудофаасига муҳтож 

Ермак Блинкен билан учрашувни «муҳим ва самарали» деб атади ҳамда «АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти, АҚШ Конгрессининг иккала палатаси ва бутун Америка халқига мисли кўрилмаган ёрдами учун» миннатдорчилик билдирди. 

«Қиш яқинлашар экан, биз Россия ракета ҳужуми кучайишини кутмоқдамиз. Шунинг учун ҳақиқатан ҳам Украина шаҳарларини, муҳим инфратузилма объектларини, шунингдек, «дон йўлаги» йўлларини ҳимоя қиладиган ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа тизимлари керак», деб ёзади Ермак Telegram-каналида. 

Американинг Украинага ёрдамини молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар 

Оқ уй республикачилар билан Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштиришни давом эттириш борасида ҳалигача келиша олмаяпти. Октябр ойи охирида республикачилар кўпчилик бўлган Вакиллар палатаси Украинага ёрдам кўрсатмасдан Исроилга ёрдам бериш учун 14,3 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, демократлар устунликка эга бўлган Сенат қонун лойиҳасини блоклади. 

Шу билан бирга, АҚШ расмийлари Конгресс томонидан тасдиқланган 60 миллиард долларнинг тахминан 96 фоизини Украинага ёрдам бериш учун сарфлаб бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид