Жаҳон | 13:52 / 14.11.2023
4556
3 дақиқада ўқилади

Полшалик автоташувчилар Украина билан келишувга эриша олмаяпти

Украина билан чегарада норозилик билдираётган Полша автоташувчилари вакиллари Украина томони билан муҳим молиявий масалалар бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланганини даъво қилмоқда.

Фото: Picture Alliance

Полша автоташувчилари вакиллари 13 ноябр, душанба куни Украина расмийлари билан олиб борилган янги музокаралар Украина транспорт компанияларининг ноҳақ рақобати ҳақидаги баҳсга чек қўя олмаслигини билдирди.

Поляклар фикрича, Россиянинг Украинага кириши ортидан ЕИга кириш қоидалари енгиллаштирилиши украиналик рақобатчилар оқимига олиб келди ва бу уларнинг шахсий даромадларига жиддий таъсир кўрсатди. Бунга жавобан полшалик юк ташувчилар 6 ноябрдан бошлаб Полша-Украина чегарасидаги учта асосий чегара ўтиш жойини тўсиб қўйишни бошлади. Полша полициясига кўра, норозилик билдирган транспорт компанияси ходимлари автомобиллар ўтишига рухсат беряпти, бироқ юк машиналарининг мамлакатга киришига тўсқинлик қилиб, соатига фақат битта юк машинасини ўтказяпти.

Душанба куни норозилик билдирган юк машиналари ҳайдовчилари делегацияси Украина ва Полша ҳукуматлари вакиллари билан учрашди. «Биз келишувга эришмадик. Украина томони бизнинг талабларимизни инобатга олмаяпти», деди Полша чегарасидаги Дорогуск шаҳридаги намойиш етакчиларидан бири ижтимоий тармоқларда.

Чегарадаги вазият оғирлашиб бормоқда

Полша транспорт компаниялари Украина юк машиналари учун Европа Иттифоқига кириш рухсатномаларидан фойдаланишни тиклашга эришмоқчи. Европа Иттифоқи Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг украиналикларга юк ташиш учун рухсатнома олиш заруратини бекор қилди. Дастлаб бу чоралар бир йилга амал қилди, ўтган ёзда эса 2024 йилнинг июнигача узайтирилган эди. 

Бундан ташқари, Полша транспорт соҳаси вакиллари Украинада ҳуқуқлари бузилганидан шикоят қилмоқда. Украинадан Полшага юкларни етказиб бериш учун электрон рўйхатдан ўтиш талаб қилинади, бу 12 кунгача кутиш вақтини ўз ичига олади, Полшада эса бундай талаблар йўқ. 

Полша божхона хизмати маълумотларига кўра, Полша транспорт компаниялари томонидан транспорт қатнови тўсиб қўйилиши натижасида, 13 ноябр, душанба ҳолатига кўра, Полшанинг Дорогуск томонидаги навбат Украина ҳудудига ўтмоқчи бўлган 1300 та юк машинасига етган. Бундан ташқари, Гребенное назорат-ўтказиш пунктида Украина билан чегарани кесиб ўтиш учун яна 500 та юк машинаси кутиб турибди.

Мавзуга оид