Финландия Россия билан чегарани кесиб ўтишни чеклашга тайёрланмоқда
Россия кўмагида Финландияга ноқонуний муҳожирлар оқими кескин ошганига муносабат билдирган Ҳелсинки Россия билан чегарани ёпишга тайёрланмоқда.
Финландияда Россиядан келаётган ноқонуний муҳожирлар сони кескин ошган ва Ҳелсинки вазиятни ҳал қилиш чораларини тайёрламоқда. Бу ҳақда 14 ноябр, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бош вазир Петтери Орпо маълум қилди. У бошқа қадамлар қаторида алоҳида чегара пунктларини ёки ҳатто бутун чегарани ёпиш масаласи кўриб чиқилаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Россия божхоначилари амалиётини ўзгартириб, энди одамларга керакли ҳужжатларсиз чегарадан ўтишга рухсат берган, ҳаттоки чегара яқинига олиб келишни бошлаган. Кўриниб турибдики, бу одамларга чегарага етиб боришда ёрдам берилмоқда, деди Финландия бош вазири ҳамда бундай ҳаракатларга жиддий ёндашиш кераклигини таъкидлади. «Биз вазиятни кузатмоқдамиз ва чора кўришга тайёрмиз», — дея унинг сўзларини келтиради Yle медиа-корпорацияси.
Финландия вазири: Россия ҳукумати иш услубларини ўзгартирди
Финландия ички ишлар вазири Мари Рантанен журналистларга қисқа вақт ичида Россиядан келган бошпана изловчилар сони сезиларли даражада ошганини айтди. «Россия ҳукумати зарур ҳужжатлар йўқлигига қарамай, Финландияга киришга рухсат бериб, иш усулларини ўзгартирди, - деди у. - Яъни, гап ноқонуний миграция ҳақида кетяпти».
Вазирнинг сўзларига кўра, Ички ишлар вазирлиги зудлик билан таклиф тайёрламоқда, унга кўра зарурат туғилганда Россия ва Финландия ўртасидаги чегарадан ўтишни чеклаш, назорат-ўтказиш пунктлари ёпилиши назарда тутилади.
Фин чегара хизмати маълумотларига кўра, агар 1 августдан 12 ноябргача мамлакатга зарур ҳужжатларсиз 91 киши келган бўлса, фақат шу ҳафта бошидан, яъни бир кундан сал кўпроқ вақт ичида уларнинг сони 60 нафарга етди. Гап чегарани Россия орқали транзит йўналишда кесиб ўтиб, Финландиядан бошпана сўраган Ироқ, Сомали ва Яман каби учинчи давлат фуқаролари ҳақида боряпти.
Икки кун аввал Финландия ўз ҳудудига Россиядан велосипедда киришни тақиқлаган эди.
Финландия ва Россия ўртасидаги умумий чегара узунлиги - 1340 км. У, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи чегараси ҳисобланади.
Мавзуга оид
13:46
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
13:19
NOS: Россия ҳакерлари Европа сунъий йўлдошларига ҳужум қиляпти
23:17 / 15.11.2024
Россияда «ўлик жонлар»ни урушга юборган «военкомат» ходимлари қўлга олинди
23:13 / 15.11.2024