Жаҳон | 20:19 / 17.11.2023
30789
5 дақиқада ўқилади

Эрдўған Германияга борди, бироқ немис расмийлари бундан хурсанд эмас

Фото: Getty Images

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 17 ноябр куни Берлинга ташриф билан борди, бироқ немис расмийлари бу сафарга имкон қадар камроқ эътибор қаратмоқчи: оммавий чиқишлар ёки қўшма матбуот анжуманлари бўлмайди. Ҳатто икки давлат раҳбарларининг футбол бўйича Германия ва Туркия миллий жамоалари ўртасидаги ўйинга аввалдан режалаштирилган ташрифи ҳам бекор қилинган. Немис расмийлари Эрдўғаннинг Исроилга қарши позициясига шундай муносабатда бўлишди.

Эрдўған Туркия президентлигига қайта сайлангач, Германия канцлери Олаф Шолц шу йил май ойида уни Берлинга таклиф қилганди. Аммо ҳозир, кўпчилик сиёсий шарҳловчилар ёзганидек, бундан афсусда бўлса керак.

Баъзи немис сиёсатчилари Эрдўғаннинг ташрифини бутунлай бекор қилишга чақиришди, бироқ Шолц кескинликка бормасликка қарор қилди ва ташриф ёпиқ эшиклар ортидаги битта учрашув ва тушлик билан ўтказиладиган бўлди.

Шу билан бирга, Эрдўған Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан яна бир учрашув ўтказади.

BBC нашрининг Берлиндаги мухбири Дэмиан Макгиннеснинг ёзишича, пойтахт марказида мисли кўрилмаган даражадаги хавфсизлик чоралари қўлланган, бу АҚШ президенти ташрифи пайтидаги хавфсизлик даражасига тенг.

Германияда ҳокимият тепасида ким бўлишидан қатъи назар, икки давлат ўртасидаги муносабатлар узоқ йиллар давомида бир хил даражада мураккаблигича қолмоқда. Немис сиёсатчилари Эрдўғанни бир неча бор оғир шерик деб аташган.

Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш эса Берлин билан Анқара ўртасидаги рахнани кучайтириб, икки томонни янада ажратган кўринади.

Барча мураккабликларга қарамай, Германия ва Туркия бир-бирига керак. Бу фотода — Шолц ва Эрдўған Анқарада 2022 йил мартида ўтказилган учрашув вақтида. Фото: REUTERS

Эрдўған Ҳамас ҳаракатининг 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумини қоралашни истамади ва ҳамасчиларни «халоскорлар» деб атади.

Ҳамас ғарбнинг бир қанча давлатларида, жумладан Германияда ҳам террорчи ташкилот деб тан олинган.

Шу билан бирга, сўнгги пайтларда Исроилга қарши баёнотлари оқимида Эрдўған Исроил давлати мавжудлиги қонунийлигини шубҳа остига олди ва уни фашистик деб атади.

Германиялик яҳудий сиёсатчилар Эрдўғанни антисемитизмни қўзғатишда айблаб, унинг ташрифини бекор қилишга чақиришди.

Нацистларнинг ҳолокости учун тарихий айбдорлигини ҳис қиладиган Германияда Исроилни қўллаб-қувватлаш шубҳа остига олинмайди ва Берлин халқаро сиёсатининг негизи ҳисобланади.

Шу ҳафта бошида Шолц Туркия раҳбарининг баёнотларини бемаънилик деган эди.

Бироқ, Исроилнинг Ғазодаги бомбардимонлари кўлами ва қурбонлар сонининг ортиб бораётгани Германиянинг бу давлатни сўзсиз қўллаб-қувватлаш тамойилига бироз путур етказди.

Ҳамас ҳужуми оқибатидаги дастлабки карахтликдан сўнг, немис марказий матбуоти Ғазодаги ҳолатни гуманитар фалокат сифатида тобора кўпроқ тасвирламоқда, бу эса Исроилнинг хатти-ҳаракатларидан жамоатчиликнинг безовталанишини кучайтирмоқда.

Германия кўчаларида норозилик кучаймоқда, 7 октябрдан бери деярли ҳар дам олиш кунлари Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар ўтказилмоқда. Германияда ғазоликларни қўллаб-қувватловчи арабларнинг катта диаспораси яшайди.

Фаластинликларни қўллаб-қувватлаш анъанавий равишда немис сиёсатчиларининг сўл қаноти учун ҳам жуда муҳимдир.

Кўпчилик президент Эрдўғаннинг ташриф чоғида можарога оид берган ҳар қандай изоҳлари икки давлат ўртасидаги кескинликни янада кучайтиришидан хавотирда.

Аммо, ўзаро муносабатлар мураккаб бўлишига қарамай, Германия ва Туркия бир-бирига керак. Туркия учун Германия муҳим савдо ҳамкоридир. Қолаверса, Германияда Туркиядан ташқаридаги энг йирик турк жамоати – 3 миллионга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг ярмидан кўпи Туркиядаги сайловда овоз бера олади ва уларнинг ҳамдардлиги Эрдўған учун жуда муҳим.

Берлин эса Яқин Шарқдан Европага бораётган муҳожирлар оқимини жиловлай оладиган давлат сифатида Туркияга муҳтож.

Канцлер Олаф Шолц Германия ҳукуматига қочқинларни қайтариб юбориш имконини берувчи Туркия билан келишувнинг тикланишига умид қилмоқда. Бундан ташқари, Германия етакчиси Эрдўғандан Украинадаги уруш масаласида Ғарбга кўпроқ ёрдам беришини кутмоқда. Ушбу мавзулар 17 ноябр куни ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Энг муҳими, немис расмийлари Туркия президентининг оммавий баёнотларидан қўрқишади ва уларнинг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солишади.

Мавзуга оид