Жаҳон | 14:08 / 20.11.2023
6939
4 дақиқада ўқилади

Зеленскийдан ёрдам сўраган украиналик ўсмир Россияни тарк этди

Россияликлар Мариуполдан Россияга мажбуран олиб чиқиб кетиб, васийликка топширган украиналик ўсмир синглиси билан Беларусда бўлиб турибди, деб хабар берди «Верстка».

Фото: Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

Мариуполдан Россияга мажбуран олиб кетилган ва Украина президенти Володимир Зеленскийдан ёрдам сўраган украиналик ўсмир Богдан Ермохин Россияни тарк этди. У Беларусга учиб борган ва у ерда синглиси билан кўришган, деб ёзади 19 ноябр, якшанба куни «Верстка» нашри Ермохин ва унинг адвокати Екатерина Бобровскаяга таяниб. 

Россия расмийлари ўсмирни вояга етгунига қадар (19 ноябргача) синглиси билан учрашиш учун «учинчи давлатга» қўйиб юборишга ваъда берган, 13 ноябр куни эса у Instagram’да сафар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини маълум қилган. 

Бундан ташқари, «Верстка» Dispo тахаллуси билан рэп ёзадиган Ермохиннинг Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Украинада уюштириладиган хайрия концерти плакатида пайдо бўлишига эътибор қаратди, 14 ноябр куни ташкилотчилар ўсмир Кропивницкий, Одесса ва Броварида чиқиш қилиши режалаштирилганини тасдиқлади. 17 ноябр куни Ермохин Instagram’да «баъзи ҳолатлар туфайли» концертда чиқа олмаслигини маълум қилди. 

Россия расмийлари украиналик ўсмирга ҳарбий комиссарликка келиш мажбуриятини юклаган

Богдан Ермохин билан боғлиқ вазият ҳақида ноябр ойи бошида, унинг адвокати Facebook’да 17 ёшли боланинг Зеленскийга мурожаатини эълон қилганида маълум бўлди. «Мен, Ермохин Богдан, Россия ҳудудидаман ва сиздан, Володимир Александрович, уйга қайтишимга ёрдам беришингизни сўрайман», деди у видеода. Бобровская Украина президентини Богданнинг Украинага қайтишини шахсан назоратга олишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, у Россия омбудсмани Татяна Москалкова ва Россиядаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага хат ёзиб, ўсмирни Украинада бўлган қонуний васийси - амакиваччаси Валерияга қайтаришни талаб қилган. Адвокат сўзларига кўра, синглиси билан суҳбатда Богдан уни қўрқитишаётганини ва ватанига қайтиш истагига қарамай, Россияда қолишни талаб қилишаётганини айтган. 

Ноябр ойида, шунингдек, ўсмирга жорий йилнинг декабр ойида, 18 ёшга тўлганида, Москва яқинидаги ҳарбий комиссарликка келиш ҳақида топшириқ берилгани маълум бўлди. Ермохиннинг Россиядаги расмий васийси Ирина Рудницкая BBC медиа-компанияси рус хизмати билан суҳбатда, гап чақирув қоғозини топшириш ҳақида кетмаётганини, ҳарбий комиссарлик фақат Богданнинг маълумотларини текшириши, чунки унинг армияда хизмат қилишни кечиктириш имтиёзи борлигини маълум қилди.

Богдан Ермохин 8 ёшида ота-онасидан айрилган. Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланишидан олдин у Мариуполдаги металлургия коллежида ўқиган ва унинг қонуний васийси ўқув муассасаси директори бўлган. Мариупол ишғол қилинганидан сўнг ўсмир Россия ҳудудига олиб кетилган ва Мария Лвова-Белованинг узоқ йиллик иттифоқчиси, таниқли фаол Ирина Рудницкая васийлиги остига олинган. 2023 йил март ойида ўша пайтга қадар Россия паспортини олган Ермохин Россиядан Украинага қочишга уринган, бироқ Россия хавфсизлик кучлари томонидан Беларус-Украина чегараси яқинида қўлга олинган. Лвова-Белованинг таъкидлашича, Ермохинни «ҳийла ва таҳдидлар орқали Украина ҳудудига жалб чақириб олишга ҳаракат қилишган». 

Мавзуга оид