Ўзбекистон | 11:54 / 21.11.2023
6432
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Саудия Арабистони Маданият вазирлиги мутасаддилари ўртасида видео-конференц-алоқа воситасида мулоқот ташкил этилди.

Фото: Kun.uz

«Дунё» хабарига кўра, ушбу онлайн учрашув чоғида Саудия Арабистонида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Подшоҳлик маданият вазирининг маслаҳатчиси доктор Холид ал-Рашуд Ўзбекистоннинг бой тарихи ва юксак маданий мероси билан Саудия жамоатчилигини яқиндан таништириш учун мазкур тадбирни тез кунларда ўтказишдан ўз мамлакати манфаатдор эканлигини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов бундай тадбирлар "халқ дипломатияси"нинг муҳим қисми эканлиги ҳақида тўхталар экан, Подшоҳликда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилиши саудияликларнинг Ўзбекистон кўп қиррали маданияти билан яқиндан танишиши учун жуда яхши имконият яратишини айтди.

Онлайн мулоқот чоғида бўлажак маданий тадбирни ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид