Жаҳон | 14:41 / 22.11.2023
4739
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Украинада 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси томонидан ҳужжатлаштирилган Украинадаги урушда тинч аҳоли қурбонлари сони 10 минг кишидан ошди. Ушбу рақам аслида янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Фото: Valentyn Ogirenko/REUTERS

Украинадаги кенг кўламли уруш натижасида, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, аллақачон 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси (ИҲОКБ) Женевадаги идораси сешанба куни уларнинг ярмига яқини жанговар ҳудудлардан ташқарида ўлдирилганини маълум қилди.

Хусусан, кўп сонли тинч аҳоли уруш бошида, Мариупол учун шиддатли жанглар пайтида қурбон бўлди, дейилади баёнотда.

Ҳалок бўлган тинч аҳолининг катта қисми - ҳаво ҳужумлари қурбонлари

БМТ мониторинг миссияси раҳбари Даниэл Белл 10 минг тинч аҳоли қурбонлари сонини Украина учун «қайғули давр» деб атади. Белл сўзларига кўра, ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларининг аксарияти - Украина шаҳарларига ҳаво ҳужумлари қурбонлари.

Урушда қурбон бўлганлар ҳақида маълумот тўплаш учун ўнлаб ходимларини мамлакатга юборган ташкилотга кўра, Украинадаги тинч аҳоли орасида қурбонлар ҳақиқий сони анча юқори бўлиши мумкин. БМТ фақат уруш пайтида ҳалок бўлганлар ҳақидаги ҳужжатлаштирилган маълумотларни эълон қилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид