10:12 / 23.11.2023
6626

Боррел: Исроилни танқид қилиш - антисемитизм эмас

«Яҳудийларни ёқтирмасликда» айбланмасдан, Исроил ҳукумати ва Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини танқид қилиш ҳуқуқи сақланиб қолиши керак, деди Европа дипломатияси раҳбари.

Фото: Dursun Aydemir/Andalou/picture alliance

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел чоршанба, 22 ноябр куни Европарламентга «яҳудийларни ёқтирмасликда айбланмасдан» Исроил ҳукумати ва Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини танқид қилиш ҳуқуқини сақлаб қолиш кераклигини айтди. 

Шу билан бирга, у «антисемитизмнинг хунук юзини кўрсатадиган намойишлар Фаластин ишига ёрдам бермаслигини», аксинча, унга тўсқинлик қилишини таъкидлади. «Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олиш ва шу билан бирга, Ғазо сектори ҳамда Ғарбий соҳилда тинч аҳоли билан содир бўлаётган воқеалардан ғазабланиш, танқид қилиш имконияти сақлаб қолиниши керак», - деди Боррел. «Фаластинликларнинг ўз давлатига бўлган ҳуқуқини антисемит деб аталмасдан ҳимоя қилиш имкони бўлиши керак», - дея қўшимча қилди Европа дипломатияси раҳбари. 

ЕИ можаро бўйича умумий позицияни ишлаб чиқишда давом этмоқда 

Жозеп Боррел 7 октябр куни ҲАМАС ташкилотининг Исроилга ҳужумини «Иккинчи жаҳон урушидан бери яҳудийларга қарши энг йирик ҳаракат» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Ғазодаги жавоб жанглари «мисли кўрилмаган гуманитар фалокат»га айланмоқда. 

Боррелнинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи умумий позициясини ишлаб чиқиш давом этмоқда. Шу пайтгача «айрим аъзо давлатлар томонидан Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи қандай амалга оширилаётгани ҳақида турли баёнотлар» бўлган, бироқ умумий позиция йўқ, дея тушунтирди у. 

Можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди Боррел. Унинг фикрича, ҳар икки халқ халқаро ҳамжамият кўмагида бирга яшаши керак. Бу ёрдам ҳали ҳам тақдим этилмади, дея хулоса қилди у.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 14 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top