Ўзбекистонда референдум ва сайлов ўтказиш тартиби такомиллаштирилмоқда
Сенаторлар томонидан маъқулланган конституциявий қонунга кўра, Қонунчилик палатаси сайлови аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади: 75 нафар депутат мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланади.
Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган вакиллик органларига сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизимини жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда референдум ва сайлов билан боғлиқ ўзгаришлар назарда тутилганлиги, шу сабабли амалдаги сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунчиликни унга мувофиқлаштириш зарурати ҳам мавжудлиги қайд этилган.
Кўриб чиқилган конституциявий қонунга кўра, Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилади. Унда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, сайлов комиссияларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар маъқулланган. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда сайланиши, Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.
“Ҳар қандай жамият ва давлатнинг демократлашув даражаси кўп жиҳатдан сайлов тизимининг қанчалик ривожлангани билан ўлчанади.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, белгилаб олган стратегик мақсадларимизни амалга оширишда сиёсий институтлар роли, айнан, парламент ва сиёсий партиялар ролини кучайтириш муҳим вазифа ҳисобланади.
Аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизимига ўтилиши, энг аввало сиёсий партияларнинг янада фаоллашувига, жамият ҳаётида уларнинг роли ошиб боришига, парламент аъзоларининг тегишли партия олдидаги масъулиятининг кучайишига олиб келади.
Депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафардан 2 нафари аёл киши бўлиши кераклигига оид норма ҳам Конституциямизда мустаҳкамланган. Яъни давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашига амалий мисол бўлади.
Сайлов қонунчилигига киритилаётган янгиликлар миллий сайлов тизимимизнинг янада такомиллашувига, вакиллик ҳокимиятининг янада кучайишига, парламентимиз ривожига, сиёсий партияларнинг фаоллашувига, қолаверса, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки янада кенгайишига хизмат қилади”, дея таъкидлаб ўтган Сенат раиси Танзила Норбоева қонун муҳокамасида.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Мавзуга оид
14:55
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
10:19 / 03.12.2024