Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган вакиллик органларига сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизимини жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда референдум ва сайлов билан боғлиқ ўзгаришлар назарда тутилганлиги, шу сабабли амалдаги сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунчиликни унга мувофиқлаштириш зарурати ҳам мавжудлиги қайд этилган. 

Кўриб чиқилган конституциявий қонунга кўра, Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилади. Унда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, сайлов комиссияларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар маъқулланган. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда сайланиши, Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.

“Ҳар қандай жамият ва давлатнинг демократлашув даражаси кўп жиҳатдан сайлов тизимининг қанчалик ривожлангани билан ўлчанади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, белгилаб олган стратегик мақсадларимизни амалга оширишда сиёсий институтлар роли, айнан, парламент ва сиёсий партиялар ролини кучайтириш муҳим вазифа ҳисобланади.