Жаҳон | 23:45 / 24.11.2023
9637
2 дақиқада ўқилади

Украинада хизмат муддати тугаган ҳарбийлар демобилизация қилинади 

Олий бош қўмондонлик штабида украиналик ҳарбий хизматчиларни демобилизация қилиш масаласи муҳокама қилинди. 

Хизмат муддати тугаган украиналик ҳарбий хизматчилар демобилизация қилинади. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Украина радиосига берган эксклюзив изоҳида маълум қилди. 

Унга кўра, мазкур масала Олий бош қўмондонлик штабида муҳокама қилинган ва тегишли қарор қабул қилинган. 

«Олий бош қўмондонлик штаби йиғилишида бу масалага катта эътибор қаратилди. Чунки биз, биринчи навбатда, мудофаа учун зарур бўлган шахсларни армияга жалб қилиш масаласини адолатли ҳал этишимиз лозим эди. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлган шахсларга келсак, президент шу масалани кўтарди ва ҳарбийлар яқин орада уларни демобилизация қилишга рози бўлди», деди Данилов. 

У бу қарор адолатли эканини таъкидлади. Шу билан бирга, хизмат муддати тугаган, аммо армияда қолишни хоҳловчилар шартнома асосида буни амалга ошириши мумкинлигини қўшимча қилди. 

Украина Олий Радаси 8 ноябр куни 2022 йил февралидан бери давом этаётган ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик муддатини 90 кунга узайтирди. Украинанинг 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча фуқаролари ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. 15 тоифадаги фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайди, шунингдек, сафарбарликдан вақтинча озод этилганлар ҳам бор. 

Шу билан бирга, ҳарбий ҳолат тугагунга қадар ҳарбий хизматни тарк этиш имконияти тақдим этилмайди, аммо таътилга чиқиш мумкин. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид