12:15 / 25.11.2023
17460

Қорақалпоғистонда 1,8 гектар ерни 350 млн сўмга сотишга уринган шахс ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатлари аниқланди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департамент ҳамда ички ишлар ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тўрткўл туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс фуқарога 30 йил муддатга деҳқончилик қилиш мақсадида ажратилган Тўрткўл туманидаги 1,8 гектар ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 350 млн сўм олган вақтида ушланди.

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Оқдарё туманида яшовчи шахс тумандаги ўзи фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликларидан бирига тегишли 20 сотих ер майдонини 40 минг АҚШ доллари эвазига сотишга келишиб, мазкур пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департаментнинг ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва туман ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда фаол тадбир ўтказилди.

Фарғона туманида яшовчи фуқаро мазкур туманда жойлашган, туман ҳокимлиги захирасидаги ер майдонидан 1 гектарини харидорга 28 минг АҚШ долларига сотишни ҳамда ушбу ер майдонини мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Натижада, у мазкур ер майдони учун пул маблағини олган вақтида ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top