Жаҳон | 16:00 / 25.11.2023
4406
3 дақиқада ўқилади

Финландия Россия билан чегарадаги яна учта назорат-ўтказиш пунктини ёпди

Финландия-Россия чегарасида энди бошпана сўраш мумкин бўлган ягона назорат пункти - мамлакат шарқидаги бориш қийин бўлган «Рая-Йоосеп» пости. 

Фото: Picture Alliance

24 ноябр, жума куни Финландиянинг Россия билан чегарасидаги яна учта назорат-ўтказиш пункти – «Салла», «Вартиус» ва «Куусамо» Финландия ҳукумати қарори билан вақтинча ўз фаолиятини тўхтатди. Финландия Чегара қўриқлаш хизмати веб-сайтида айтилишича, халқаро ҳимояга энди фақат мамлакат шарқий чегарасидаги «Рая-Йоосеп» назорат-ўтказиш пунктида ариза топшириш мумкин

Қайд этилишича, бу чора-тадбирлар ноқонуний миграцияга чек қўйишга қаратилган. «Очиқ ўтказиш пунктлари орқали чегарани кесиб ўтиш фақат уларнинг иш вақтида амалга оширилади. Чегарани бошқа жойлардан рухсатсиз кесиб ўтишга йўл қўйилмайди», — дейилади ҳужжатда. 

Ҳелсинки расмийлари ўтган ҳафта Россия билан чегарадаги тўққизта назорат-ўтказиш пунктининг дастлабки тўрттасини ёпди. Финландия ва Россия чегарасига Африка ва Яқин Шарқ давлатларидан келаётган муҳожирлар оқими туфайли 18 ноябрга ўтар кечаси «Иматра», «Ниирала», «Нуйямаа» ва «Ваалимаа» назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти тўхтатилди. Яна бир назорат-ўтказиш пункти - «Вартиус» 19 ноябр куни ёпилган эди. Бундан олдин Финландия ҳукумати «Вартиус»даги чегарачиларга ёрдам бериш учун қуролли кучларни юборган. 

Финландия-Россия чегарасида муҳожирлар сонининг кўпайиши

Жорий йилнинг август ойидан буён Финландиянинг Россия билан чегарасида Ироқ, Сурия, Яман, Сомали ҳамда Яқин Шарқ ва Африканинг бошқа давлатларидан бошпана изловчилар сони кескин ошган. Уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун зарур бўлган ҳужжатлар йўқ. Ноябр ойи бошидан бери Россия-Финландия чегарасида бундай муҳожирлар сони 600 кишидан ортди.

Ҳелсинки Россия томонини оқимни уюштирганликда айблади. «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Финландия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассинен.

23 ноябр куни Европа чегара ва қирғоқни қўриқлаш агентлиги - Frontex Финландия чегара қўриқлаш хизматини қўллаб-қувватлаш учун яна 50 нафар ходими, шунингдек, патрул машиналари ва бошқа жиҳозларни юборишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берди. Финландиянинг Россия билан чегараси Европа Иттифоқининг ташқи чегараси ҳисобланиб, 1340 километр узунликка эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид