16:09 / 27.11.2023
5727

Reuters: ҲАМАС Исроил билан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтирмоқчи

ҲАМАС жангчилари Исроил қамоқхоналаридан озод қилинган фаластинликлар сони ортиши шарти билан Исроил билан сулҳни узайтириш истаги борлигини маълум қилди.

Фото: Picture Alliance

ҲАМАС ташкилоти Ғазо секторида тўрт кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини узайтирмоқчи, дея хабар бермоқда Reuters ва The Times of Israel онлайн-нашри 26 ноябр, якшанба куни жангчилар баёнотига таяниб. 

Шу билан бирга, ҲАМАС сулҳни узайтириш шарти сифатида «Исроилнинг мамлакат қамоқларидан озод қилинган фаластинликлар сонини кўпайтиришга қаратилган жиддий ҳаракатлари»ни келтирди. 

Нетаняҳу қўшимча исроилликларни озод қилиш имкониятини олқишлади 

Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳар бир янги сулҳ кунида яна ўн нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш имкониятини олқишлашини айтди. 

Ҳозиргача Исроил қамоқхоналаридан 117 нафар фаластинлик маҳбус озод этилган. Яна 40 киши 27 ноябрда чиқарилиши режалаштирилган. Айни пайтда, яҳудий давлати ва жангчилар ўртасидаги келишув доирасида қамоқдан озодликка чиқиш учун Исроилнинг номзодлар рўйхатида яна 150 га яқин одам бор, деб эслатади The Times of Israel газетаси. 

Келишув шартларига кўра, сулҳнинг ҳар бир қўшимча куни учун ҲАМАС яна 10 нафар гаровга олинганни озод қилиши керак. Исроил вазирлар маҳкамаси томонидан маъқулланган келишувга кўра, бу узайтириш кўпи билан 10 кунга амал қилиши ва жами 300 фаластинлик маҳбуснинг озод этилишини қамраб олади. Шундан сўнг, келишувни узайтириш учун янги ҳукумат вотуми талаб қилинади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 15 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

24 ноябрдан бери Ғазо секторида Қатар воситачилигида Исроил ва ҲАМАС томонидан тўрт кунлик муддатга келишилган вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш режими амал қилмоқда. 

Келишув шартларига кўра, бу вақт ичида ҲАМАС жангчилари 7 октябр куни гаровга олинганлар орасидан 50 нафар аёл ва болани Исроилга топшириши керак. Исроил 150 нафар фаластинлик маҳбусларни – аёллар ва ўсмирларни қамоқхоналардан озод қилиши керак. 

Ўт очишни тўхтатишнинг дастлабки икки кунида, 24 ва 25 ноябр кунлари ҲАМАС жами 26 нафар исроиллик, шунингдек, 14 таиландлик ва бир филиппинликни озод қилди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top