22:00 / 29.11.2023
7285

Тошкентнинг жамоат транспорт тизими қандай ўзгарди?

Сўнгги йилларда Тошкентнинг жамоат транспорт тизими сезиларли даражада яхшиланди. Автобуслар сони охирги 2 йилда 2 баробарга ошди. Уларнинг оралиқ интервали 2-3 баробарга қисқариб, ҳозирда 8-10 дақиқани ташкил этади. Кунлик йўловчи оқими 1 млн нафарга етди, пойтахтга кириб келадиган аҳолининг шаҳар марказига етиб бориш вақти 45 дақиқадан 30 дақиқагача қисқарди.

Пойтахтда аҳолига қулай шароитлар яратиш, шаҳардаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида ерусти жамоат транспорти тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда шаҳарда янги жамоат транспорти йўналишлари ишга туширилди, мавжуд автобуслар модернизация қилинди, тизимни бошқариш ва мониторинг қилишнинг янги технологиялари жорий этилди.

Автобус енгил автотранспортга нисбатан 135 баробарга самарадор

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 5 млн нафар аҳоли мавжуд бўлиб (доимий истиқомат қилувчи – 3 млн, кунлик шаҳарга келиб-кетувчи – 1,5 млн, вақтинчалик яшовчи – 0,5 млн), шундан мобил аҳоли сони ўртача 3,5 млн кишини ташкил қилади.

Ўтказилган таҳлилларга кўра пойтахтдаги мобил аҳолининг кунлик қатнов сони ўртача 9 млнни ташкил этиб, шундан 6 миллиони ҳаракатланиш транспортида амалга оширилади.

Транспортда амалга оширилаётган қатновларнинг 1,7 миллиони (28 фоиз) жамоат (автобус, метро) транспортига , 4,3 миллиони енгил автотранспортга тўғри келмоқда.

Пойтахтнинг транспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий 73та кўчалари узунлиги 472 кмни ташкил этиб, ўртача 380-400 минг автотранспорт ҳаракатланишига мўлжалланган.

Шаҳарда кун давомида ўртача 1 миллионга яқин автотранспорт (770 мингта – рўйхатдан ўтган, 200 мингта кириб чиқади) ҳаракатланиб, асосий кўчаларга 2 баробар кўп юклама тушмоқда.

Таҳлилларга кўра битта енгил автотранспорт воситасида бир кунда ўртача 4,3 нафар йўловчи, битта автобусда эса ўртача 580 йўловчи ташилмоқда (автобуснинг енгил автотранспортга нисбатан самарадорлиги 135 баробар).

Автобуслар сони сўнгги 2 йилда 2 баробарга ошди

Сўнгги йилларда пойтахт аҳолисининг транспортга бўлган эҳтиёжини қондириш, кўчаларда жамоат транспорти устуворлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи бир қатор президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Бунинг натижасида, 2022 йилда Тошкент шаҳри учун 200 дона ўрта сиғимли SAZ LE 60 русумли ва 190 дона катта сиғимли MAN русумли автобуслар ва илк бор 20 дона замонавий электробуслар харид қилинди.

2023 йилда эса шаҳар жамоат транспорти ҳаракат таркибини мукаммал янгилаш юзасидан амалга оширилган лойиҳалар натижасида қўшимча 1000 дона автобуслар харид қилинди. Жумладан, метан газ ёқилғисида ҳаракатланувчи 500 та катта сиғимли YOUTONG ва 200 та ўта катта сиғимли KINGLONG автобуслари ҳамда 302 та YOUTONG электробуслари олиб келинди. 

Натижада автобуслар сони сўнгги 2 йилда 2 баробарга (1959 та), ҳаракат таркибининг ўртача сиғими эса 74 фоизга (155 минг нафар йўловчи) ошди.

Автобуслар оралиқ интервали 2-3 баробарга қисқарди

2021 йилда йўналишлар тармоғи 144 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда пойтахтнинг барча турар жой мавзеларини тўлиқ қамраб олиш мақсадида янги йўналишлар тармоғи ишлаб чиқилди.

Ушбу йўналишлар тармоғи 4 турдаги 167 та йўналишлардан иборат (101 та боғловчи, 14 та ҳалқа, 11 та магистрал ва 41 та етказиб берувчи). Ҳозирда янги брутто-шартнома тизими асосида фаолият кўрсатаётган йўналишлар сони 167 тани, жадваллар сони эса 1 638 тани ташкил этмоқда.

Тошкент шаҳрининг агломерация ҳудудларини шаҳар билан боғловчи 21 та автобус йўналишлари ташкил этилди (Қибрай тумани, Тошкент тумани, Янгийўл шаҳри, Зангиота тумани, Янги бозор, Ғишткўприк, Келес, ТошГРЭС, Минерал сувлар).

2022 йилда ҳайдовчиларнинг ўртача ойлик иш хақи 2,5-3 млн сўмни ташкил этган бўлса, олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2023 йилда ҳайдовчиларнинг ўртача ойлик иш хақи 6,5-7 млн сўмга етказилди

Амалга оширилган ишлар натижасида:

  • автобуслар оралиқ интервали 2-3 баробарга қисқариб, ҳозирда 8-10 дақиқани ташкил этди (олдин 18-20 дақиқа бўлган);
  • кунлик йўловчи оқими 1,7 бараварга кўпайиб, 1 млн нафарга етди (илгари кунига 650 минг йўловчи ташилган);
  • пойтахтга кириб келадиган аҳолининг шаҳар марказига етиб бориш вақти 45 дақиқадан 30 дақиқагача қисқарди (кунига пойтахтга 900 мингдан ортиқ аҳоли жамоат транспортида кириб келади);
  • йўналишлар масофаси ўртача 18 кмдан 12 кмгача, йўналишларнинг умумий масофаси 2 минг 666 кмдан 2 минг 39 кмга қисқартириш ҳисобига жамоат транспорти ўртача тезлигини 18 км/соатдан 21 км/соатга кўтаришга эришилди;
  • 2020 йилда шаҳар жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимидан 45 млн 244,4 минг йўловчи фойдаланган бўлса, 2023 йилда 78 млн 515,3 минг ёки 173,5 фоизга, тушум 28,4 млрд сўмдан 98,6 млрд сўмга ёки қарийб 347,2 фоизга ошишига эришилди;
  • электрон тўловларнинг умумий тушумдаги улуши 60 фоизни ташкил этмоқда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аҳолига қулай шароит яратиш, автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш ва атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини камайтириш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадга эришиш учун шаҳарда жамоат транспорти тармоғи фаол ривожланмоқда, янги метро йўналишлари барпо этилмоқда, автобус йўналишлари тармоғи кенгаймоқда. 

Top