Ўзбекистон | 07:27 / 07.12.2023
20697
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 34 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Тадбир давомида 13 дона пневматик ва ов қуроллари, ўқ-дори, электрошокер, турли ҳажм ва кўринишдаги пичоқ, кастет ва биталар аниқланган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Тошкент вилоятида ҳам республиканинг бошқа вилоятлари сингари «Долзарб 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида жиноий гуруҳларга аъзо бўлган, ижтимоий муҳитга салбий таъсир ўтказишга уринган бир неча шахслар қўлга олинмоқда.

Вилоят ИИББ хабарига кўра, махсус хизмат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида, Тошкент вилоятида 34 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, уларнинг 11 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, 23 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинди.

Тадбир давомида, ушбу ва бошқа шахслардан ноқонуний равишда сақлаб келинган 13 дона пневматик ва ов қуроллари, ўқ-дори ва электрошокер, турли ҳажм ва кўринишдаги пичоқ, кастет ва биталар аниқланган.

Гиёҳвандликка қарши кураш йўналишида 50 дан ортиқ ҳолатлар фош этилиб, 11 кг  гиёҳвандлик моддалари ва 8703 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олинди.

Тезкор қидирув тадбирларида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 64 нафар қидирувдаги шахслар ушланган, 2 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилган.

Ҳозирда махсус рейд тадбирлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид