Ўзбекистон | 07:40 / 08.12.2023
12317
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда пиёдани уриб кетган автобус ҳайдовчиси 5 йилга қамалди

Яккасарой туманида 51 ёшли пиёдани уриб кетган автобус ҳайдовчисига нисбатан суд ҳукми ўқилди. У 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Фото: Тошкент шаҳар ЙҲХБ

2023 йил 19 июлда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Yutong автобуси уриб кетган пиёда вафот этган. Яккасарой туман судида ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳужжатига кўра, 19 июл куни соат 16:30 да Бобур кўчасида автобус ҳайдовчиси А.Д. чап тизмага ўтаётганда орқани кўрсатувчи чап ойнага қараб, 2−3 сония тўғри йўлга қарамасдан чалғиб қолган. Шу вақт йўлдан ўтаётганда қатнов қисмида белидан тушиб қолган рациясини олиш учун ўтаётган Г.К.ни уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан у вафот этган.

Судда ҳайдовчи қилмишидан пушаймон эканини ва айбига тўлиқ иқрорлигини, шунингдек, пиёданинг оила аъзоларига 8,3 миллион сўм моддий ёрдам берганини маълум қилган. У суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Якунда суд судланувчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам вафот этиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.

Унга нисбатан 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияда ўташлик белгиланди.

Маълумот учун, 2023 йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистонда 5772 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган. Уларда 5448 киши жароҳатланган, 1415 киши ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид