Жаҳон | 12:03 / 09.12.2023
8462
3 дақиқада ўқилади

Брянскдаги отишма: мактабни қўриқлаган хусусий компания раҳбари ушланди

Брянка гимназиясидаги шов-шувли отишма фонида полиция мактабни қўриқлаган хусусий қўриқлаш компанияси директори ва ходимини ҳибсга олди. Яраланган беш нафар мактаб ўқувчисининг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Фото: Nadezhda Mikheyeva/TASS/dpa/picture alliance

Брянск гимназияларидан бирида содир бўлган шов-шувли отишма натижасида икки бола ҳалок бўлди ва яна беш нафари яраланди, полиция ушбу таълим муассасасини қўриқлаган «Агентства Экскалибур» директори ва ходимини қўлга олди, деб хабар қилмоқда Россия ОАВ 8 декабр, жума куни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб.

Москвалик терговчилар агентлик офисида, шунингдек, унинг директори Сергей Поддубнийнинг квартирасида тинтув ўтказди. Унга ва отишма куни ишлаган ходимга нисбатан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш ҳолати бўйича иш очилган. Манбаларга кўра, отишма содир бўлган 5-сонли гимназияда металл детектор ўрнатилмаган. Mash хабар беришича, рамка пластик ўрамга ўралган ва электр тармоғига уланмаган бўлган. 

Бир кун аввал қўлга олинган мактабда отишма содир этган ўқувчи қизнинг отасига нисбатан қуролни эҳтиётсизлик билан сақлаш моддаси бўйича иш очилди. 

Отишма аввалроқ содир бўлиши мумкин эди 

Брянскдаги гимназияда мактаб ўқувчиларига қарата ўқ узган ўқувчи қуролни отасидан олганини 8 декабр куни Россия Ички ишлар вазирлиги тасдиқлади. «Вояга етмаган қиз ишлатган ов милтиғи отасига тегишли бўлиб, қонуний равишда уйда сақланган», — дейилади хабарда. 

Gulag Telegram-каналига кўра, қиз отишмани аввалроқ амалга ошириши мумкин эди – у август ойида мактабга қурол билан келмоқчи бўлган, бироқ ўшанда сейфда қурол йўқ эди. У бутун сентябр ойини маълум чатларда ўтказган, портловчи қурилма ясаш бўйича қўлланмаларни ўрганган ва ўз кундалигига синфдошларини ўлдиришни орзу қилганини ёзган. Декабр ойида, можароли вазият янада кескинлашганида, қиз отаси қуролни сейфга солиб қўйишини кутган ва шундан кейин уни мактабга олиб келган.

Гимназиядаги отишма 

Гимназияга келган қиз бир неча марта ўқ узган ва кейин ўз жонига қасд қилган. Полиция маълумотларига кўра, ҳодиса натижасида беш киши жароҳатланган, бир мактаб ўқувчиси вафот этган. 

Отишмада яраланган ва даволаниш учун Москвага эвакуация қилинган ўсмирларнинг аҳволи оғир, улардан бири операция қилинмоқда, деди Россия соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов. 

Мавзуга оид