Ўзбекистон | 18:41 / 11.12.2023
4059
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистондаги қишлоқ йўлларини яхшилашга 240 млн доллар ажратади

Фото: Kun.uz

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги 700 километрлик қишлоқ йўллари инфратузилмасини яхшилашга 240 млн доллар кредит ажратади. Бу ҳақида банк ахборот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон денгизга чиқиши учун икки давлат ҳудудини кесиб ўтишга тўғри келади ва аҳолисининг қарийб ярми учун қишлоқ хўжалиги асосий тирикчилик манбаи ҳисобланади. Хавфсиз, ишончли ва иқлимга чидамли қишлоқ йўллари орқали қишлоқ жамоалари ҳамда бозорлар ўртасидаги алоқани сақлаб қолиш инклюзив ва барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш учун муҳим аҳамиятга эга" дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.

Лойиҳа доирасида асосий эътибор 12 та вилоят ва Қорақалпоғистондаги маҳаллий ва хўжаликлараро қишлоқ йўлларини яхшилашга қаратилади. Хусусан, қирғоқлар, кўприклар, сув ўтказгичлар ва дренаж тизимларини кучайтириш орқали уларнинг транспорт қатнови сиғими, сифати, алоқа, хавфсизлик ва иқлимга чидамлилиги оширилади.

Жорий йил давомида Ўзбекистонга ОТБ томонидан ажратилган маблағлар:

  • Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида қарз;
  • Электромобилларни оммалаштириш учун 170 млн доллар (заём маблағининг 65 млн доллари грант ва қолган 105 млн доллари қарз);
  • Электр тақсимлаш тизимини рақамлаштириш учун 200 млн доллар;
  • Инсон капиталини ривожлантириш учун 93 млн доллар;
  • Электр узатиш линияларини қайта таъминлаш, кичик станцияни реконструкция қилиш учун 125 млн доллар қарз;
  • “Ўзбекистонда шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳасини амалга ошириш учун 59 млн доллар қарз;
  • Иқтисодий бошқарувни яхшилаш учун 150 млн доллар.
Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид