Ўзбекистон | 12:11 / 12.12.2023
3842
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Гуржистон ўртасида навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди

Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон ва Гуржистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Фото: ТИВ

5 декабр куни Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон ва Гуржистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов, Гуржистон делегациясига эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Хвтисиашвили бошчилик қилди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати кўриб чиқилди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини янада кенгайтириш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, савдо-саноат кооперацияси соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, биринчи ҳудудлараро форум, ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ҳамда Ўзбекистон ва Гуржистон маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмаларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Музокаралар чоғида туризм, маданият ва таълим соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

2024 йилда нишонланадиган Ўзбекистон ва Гуржистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ушбу муҳим санани нишонлаш бўйича қўшма тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид