17:41 / 12.12.2023
7922

Тошкентдаги рейдлар: 27 ноябрдан буён 103 киши қўлга олинган

Пойтахтда 27 ноябрдан бошланган жиноятчиликка қарши кураш тадбирларида жами 103 киши ушланган бўлиб, улар устидан 38 та жиноят ишлари қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қўлга олинган шахслардан 52 нафарига нисбатан суд ажрими билан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Дониёр Тошхўжаев / Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев 12 декабр куни матбуот анжумани ўтказиб, жиноятчиликка қарши кураш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар юзасидан маълумот берди.

2023 йил 27 ноябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган махсус тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир қатор гуруҳлар ташкил этилиб, Қудратуллаев, Саидалиев ва уларнинг жиноий алоқалари, етакчи ва етакчилик қилувчи шахслар, республикамизнинг бошқа вилоятларидан келиб, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган шахслар ва жиноят содир этишга мойил бўлган бошқа шахсларга нисбатан тезкор тадбирларни амалга ошириш бошланди”, – деди Тошхўжаев.

ИИББ расмийсига кўра, ўтказилган махсус тадбирлар доирасида Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан жами 38 та жиноят иши қўзғатилган:

  • 165-модда: товламачилик, жазо муддати 10 йилдан 15 йилгача);
  • 168-модда: фирибгарлик, 8 йилдан 10 йилгача;
  • 248-модда: қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддаларга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш, 10 йилдан 20 йилгача;
  • 273-модда: гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва б. 10 йилдан 20 йилгача;
  • 276-модда: гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп воситаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва б. 3 йилдан 5 йилгача;
  • 277-модда: безорилик, 3 йилдан 5 йилгача.

Маълум қилинишича, ушбу жиноят ишлари доирасида жами 103 нафар шахс процессуал тартибда ушланган. Шундан 52 нафар шахсга нисбатан суд ажримига асосан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. 2 нафари ЖПКнинг 221-моддаси, 1 нафари ЖПКнинг 224-моддасига асосан ушланган. Шунингдек, 48 нафари билан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Юқорида номлари келтириб ўтилган уюшган гуруҳ ва жиноятларни содир этган шахслар айнан бугун ёки кеча эмас, балки ойлар ва йиллар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кузатувга олиниб, тезкор ишлов жараёнининг натижасида қўлга олинган”, – дея таъкидлади пойтахт ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари. 

Мавзу
Жиноятчиликка қарши тадбирлар
2023 йил ноябр ойининг охирида Ўзбекистонда, расмийлар таърифига кўра, “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” бошланди.
Барчаси
Top