Жаҳон | 22:38 / 16.12.2023
11956
2 дақиқада ўқилади

АҚШ собиқ разведкачиси россиялик олигархга ёрдам бергани учун жазоланди

ФҚБ собиқ агенти Чарлз Макгонигал россиялик олигарх Олег Дерипаска учун ишлагани аниқланди.

Чарлз Макгонигал Фото: Reuters

Ню-Йорк суди санкция остидаги россиялик олигарх Олег Дерипаска учун ишлаган Федерал қидирув бюросининг (ФҚБ) собиқ агенти Чарлз Макгонигални 50 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда «Америка Овози» хабар берди.

Макгонигал қамоқ муддатидан ташқари 40 минг доллар жарима тўлаши керак бўлади. У санкцияларни бузиш учун тил бириктирганликда айбдор деб топилди.

«Ушбу ҳукм Америка Қўшма Штатлари санкцияларини бузган ҳар бир киши, айниқса, бу мамлакат ишонч билдирган ходимлар ҳам оғир жазога тортилишини эслатиб туради», деди судя ҳукм чоғида.

Тергов хулосасига кўра, Магконигал Дерипаска топшириғига кўра, унинг рақобатчиси Владимир Потанинга қарши компромат излаган. Суд жараёнида у Дерипасканинг кўрсатмаси бўйича иш тутганини ва учинчи шахслар орқали пул олганини тан олди. Шу сабабли унинг жазо муддати 5 йил ўрнига 4 йил 2 ой қилиб юмшатилган.

Макгонигал 2016 йилдан 2018 йилгача Ню-Йоркдаги ФҚБ контрразведка бўлинмасини бошқарган.

Олег Дерипаска 2018 йилдан бери АҚШ санкциялари остида. 2022 йилда АҚШ Адлия вазирлиги уни санкциялар режимини четлаб ўтишда сиртдан айблади.

Мавзуга оид