Украина қуруқликдаги қўшинлари қўмондони: мамлакат шарқида вазият оғир
Россия қўшинлари бир неча йўналишда олдинга силжимоқда. Украина қуруқликдаги қўшинлари қўмондони таъкидлаганидек, украиналиклар «душманнинг қурол-яроғи ва шахсий таркиби сони бўйича устунлиги шароитида жанг қилишга мажбур».
Россия қўшинлари Донецк ва Харкив вилоятларидаги янги аҳоли пунктларини қўлга киритиш учун Купянск, Лиман ва Бахмут йўналишларида олдинга силжимоқда. Бу ҳақда 19 декабр, сешанба куни Украина Қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Сирский ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Унинг сўзларига кўра, душманнинг мақсади аниқ - «бу Часов Яр аҳоли пунктига, кейин Константиновка, Дружковка, Славянск, Краматорскка ҳужум ва Донецк вилояти чегараларига чиқиш». «Ҳужум операцияларини ўтказиш учун улар ҳаво-десант қўшинларининг энг жанговар бўлинмалари, денгиз пиёда аскарлари ва собиқ жиноятчилардан тузилган «Шторм Z» ҳамда «Шторм V» бўлинмаларидан фойдаланяпти», деб таъкидлайди украиналик генерал.
Россия қўшинлари Макийивка (Луҳанск вилояти, Лиман йўналиши) ва Купянск яқинидаги Синковка (Харкив вилояти) йўналишида ҳам ҳужум қилмоқда. Умуман олганда, Александр Сирский фронтнинг шарқий секторидаги вазиятни «оғир» деб таърифлади. «Биз душман ҳам қурол-яроғ, ҳам шахсий таркиб сони бўйича устун бўлган шароитда жанг қилишимиз керак», деди қўмондон ва Россия қўшинлари катта йўқотишларга учраётганини таъкидлади.
Украина Қуролли кучлари Бош штабининг 19 декабрдаги эрталабки ҳисоботида сутка давомида юз берган 105 та тўқнашув ҳақида сўз боради. Шу билан бирга, унинг маълумотларига кўра, бир кун ичида Россия қўшинлари 1140 кишини йўқотган. Умуман олганда, уруш бошланганидан бери Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари 348 минг ҳарбий хизматчидан ошгани айтилади.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
20:43 / 13.11.2024