Жаҳон | 08:54 / 21.12.2023
5225
2 дақиқада ўқилади

Журналист Екатерина Дунцова Россия МСКга ҳужжатларни топширди

Марказий сайлов комиссияси Россиядаги президентлик сайловларида Екатерина Дунцова номзодини қўллаб-қувватлаган ташаббус гуруҳини рўйхатга олиш ҳужжатларини кўриб чиқади.

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP Photo/picture alliance

20 декабр, чоршанба куни ржевлик журналист Екатерина Дунцова Марказий сайлов комиссиясига Россиядаги президентлик сайловларида номзодини қўллаб-қувватлаган ташаббус гуруҳини рўйхатга олиш учун ҳужжатларни топширди. Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар тўпламини 5 кун ичида кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шарт. 

Рўйхатдан ўтишни рад этиш учун ҳеч қандай асос йўқ, деди Дунцова. Агар ариза маъқулланса, у 2024 йил 25 январгача Россия вилоятлари аҳолисидан ўз номзодини кўрсатиш учун камида 300 минг имзо тўплаши керак. Имзолар ҳақиқийлиги текширилади. 

Красноярсклик Екатерина Дунцова - журналист ва кўнгилли қидирув-қутқарув гуруҳининг координатори, Ржев шаҳар думаси депутати бўлиб ишлаган. У 16 ноябр куни президентликка номзодини қўйиш ниятини маълум қилди ва бу қарорини «сўнгги ўн йил давомида мамлакат нотўғри йўналишда: тараққиёт йўлида эмас, балки ўз-ўзини йўқ қилиш йўлида кетаётгани» билан изоҳлади. Дунцова урушни тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод этиш тарафдори. 

Уч кунлик президентлик сайловлари

Россияда президентлик сайловлари 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Ҳозирги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам номзод сифатида қатнашмоқда. 

Россия Либерал-демократик партияси ўз раҳбари Леонид Слуцкийни олий лавозимга номзод қилиб кўрсатди, Россия Федерацияси Коммунистик партияси эса коммунистлар орасидан президентликка Николай Харитонов номзодини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, Давлат думасининг собиқ депутати Борис Надеждин ва Донецкдаги россияпараст айирмачиларнинг собиқ ҳарбий раҳбари Игор Стрелков (Гиркин) сайловларда қатнашиш ниятини маълум қилган. 

Мавзуга оид