Полша ҳукумати етакчи ОАВ раҳбариятини ишдан бўшатди
Полша янги ҳукумати собиқ ҳукмрон партия ташвиқотини тарқатишда айбланган оммавий ахборот воситаларининг «қонунийлиги ва холислиги»ни тиклаш ниятида.
Полшанинг европапараст янги ҳукумати оммавий ахборот воситалари раҳбариятини ишдан бўшатди. Қарор TVP телекомпанияси, Полша радиоси ва PAP ахборот агентлиги бошқарув ва кузатув кенгашларига тааллуқлидир, деб хабар қилди Маданият ва миллий мерос вазирлиги 20 декабр, чоршанба куни. Янги бошқарув аъзоларини сайлайдиган кузатув кенгашлари ҳам тайинланган. Кўп ўтмай, эрта тонгдан фақат байрам ҳақидаги сюжетларни узлуксиз кўрсатиб келаётган TVP Info янгиликлар канали ўчирилди.
Оммавий телерадиодастурлар мазмунини қайта ташкил этиш ва йўналишини ўзгартириш Доналд Туск ҳукуматининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, дея аниқлик киритди dpa агентлиги. Полшадаги янги ҳокимият ОАВни «Қонун ва адолат» партияси томонидан тузилган миллий консерватив ҳукуматнинг партиявий ташвиқотини тарқатишда айбламоқда.
Кеча оқшом Полша Сейми (мамлакат парламенти) оммавий ахборот воситаларининг «қонунийлиги ва холислигини тиклаш» тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Унда айтилишича, улар ишончли ва холис ахборот бериш мандатини йўқотиб, партиявий оммавий ахборот воситаларига айланган. Телерадиокомпаниялар фаолиятига мулкни бошқариш орқали жалб қилинган Маданият вазирлиги ва Давлат активлари вазирлиги энди вазиятни тузатиш чораларини кўриши керак бўлади.
Европа Полша ОАВни танқид қилган
Халқаро ташкилотлар Полша давлат матбуотида сайлов кампаниясининг бир ёқлама ёритилишини танқид қилди. Европа комиссияси томонидан молиялаштириладиган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича Европа маркази (ECPMF) ҳисоботида таъкидланишича, Полша расмий оммавий ахборот воситалари «бутунлай ҳукмрон «Қонун ва адолат» партияси тарғибот бўлимига айланган» ва унинг танқидчиларини қоралашда қатнашган. ЕХҲТ сайловларни кузатиш миссияси TVP’ни «ўз репортажларида «Қонун ва адолат»ни аниқ афзал кўргани ва шу билан бирга, мухолифатга нисбатан очиқ душманлиги» учун танқид қилди.
15 октябрда бўлиб ўтган сайловлардан сўнг ҳукуматдаги кўпчилик Полша собиқ бош вазири ва Европа кенгаши собиқ раиси Доналд Туск бошчилигидаги собиқ мухолифат кучларининг уч партияли иттифоқини тузди. Мамлакатни 2015 йилдан бери бошқариб келган «Қонун ва адолат» ҳокимиятни йўқотди.
Мавзуга оид
23:01 / 24.12.2024
Полша мактабларида ўқ отиш бўйича мажбурий машғулотлар жорий этилади
00:37 / 24.12.2024
Тошкент ва Навоийда хорижга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
12:41 / 21.12.2024