Ўзбекистон | 13:40 / 23.12.2023
23228
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда “лизингчилар” юзлаб фуқароларни бир неча млрд сўмга чув туширди

Тошкент шаҳрида фаолият тури енгил автомобиллар ижараси ва лизинги бўлган МЧЖ мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди. Улар юзлаб фуқароларнинг катта миқдордаги пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда гумонланмоқда. Тошкент шаҳар ИИББга кўра, гумонланувчиларнинг бири қамоққа олинган, қочиб кетган уч нафарига эса қидирув эълон қилинган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган “Mega Auto Leasin” ҳамда “Mega Car Leasin” МЧЖларининг мансабдорлари машина олиб бериш мақсадида республиканинг турли ҳудудларида яшовчи юзлаб фуқаролар билан шартнома имзолаган. Аммо улар томонидан шартнома шартлари бажарилмаган. Фуқароларга етказилган зарар бир неча млрд сўм экани айтилмоқда.  

2023 йилнинг 13 июл куни Lada Largus олиш мақсадида “Mega Auto Leasin” МЧЖ билан шартнома туздим. Олдин тўлов сифатида жамият ҳисобрақамига 139 млн сўм тўладим. Шартнома бўйича менга 120 иш кунида машинани келтириб беришлари керак эди. Лекин шунча вақт ўтиб кетди ҳамки, машинадан дарак йўқ”, дейди Kun.uz’га мурожаат қилган Жумақул Эшмуродов.

Алданганини билган Эшмуродов ва бошқалар бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишган. Ҳолат юзасидан “Mega Auto Leasin” ҳамда “Mega Car Leasin” МЧЖлар мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

МЧЖлар офиси ёпилган, эшигига фаолият юритмаётгани ҳақида маълумот илиб қўйишган. Жабрланувчиларга етказилган зарар тахминан 5-6 млрд сўм. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг бизга очиқлашича, МЧЖлар ҳисобрақамида 800 млн сўм атрофида маблағ бор экан. Ўз шахсий манфаатларига ишлатиб юборишибди. Энди бизга етказилган зарарни қаердан қоплаб бериши ҳозирча номаълум”, дейди яна бир мурожаатчи.

Очиқ маълумотларга кўра, “Mega Auto Leasin” МЧЖ 2022 йил 23 сентябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган. МЧЖга М.А. ҳамда Ш.Р. 50 фоизлик улушдан эгалик қилади.

М.А. бундан ташқари фаолият тури енгил автомобиллар ва енгил моторли транспорт воситалари ижараси ва лизинги бўлган 2 та МЧЖга эгалик қилади: 2023 йил 21 июлда ташкил этилган “Mega Auto Lizing” МЧЖ ва 2022 йил 27 январда давлат рўйхатидан ўтказилган “Mega Auto Leasin-Hamkor” МЧЖ (50 фоиз улуш билан). 

“Mega Car Leasin” МЧЖ эса 2023 йил 25 июл куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Мазкур МЧЖ таъсисчиси юз фоизлик улуш билан Ш.Р. ҳисобланади.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ билан боғланди. Бошқарма матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ва хизмат кўрссатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гумон қилинувчи М.А.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 3 нафар гумон қилинувчилар – А.П., Ж.С. ва Р.Ш. тергов органларидан қочиб яширинганликлари сабабли уларга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давам этмоқда. Тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Агар фуқаролар ушбу МЧЖ мансабдор шахсларидан жабр кўрган бўлишса ИИОга мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ маълумотида.

Олдинроқ Тошкент шаҳридаги “MY-CARS” автосалони ходимлари фоизларсиз, бўлиб тўлаш шарти билан 36 ой ичида машина олиб беришни ваъда қилган ҳолда 34 нафар фуқаронинг 3 млрд сўмдан ортиқ маблағини олганди.

Мавзуга оид