Жаҳон | 23:39 / 29.12.2023
17518
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг «кўринмас» дрони биринчи марта ҳавога кўтарилди 

Унинг двигатели Украинада ясалгани, 12 километрдан ортиқ баландликда уча олиши ва 10 соатгача ҳавода қолиши мумкинлиги таъкидланмоқда. 

Фото: Anadolu Agency

Украина двигатели билан жиҳозланган Туркиянинг «кўринмас» учувчисиз самолёти дебют парвозини муваффақиятли якунлади. 

Bloomberg хабарига кўра, ANKA-3 дрони лойиҳаси Turkish Aerospace Industries (TAI) давлат компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва Украининг «Прогресс» машинасозлик конструкторлик бюроси двигатели билан жиҳозланган. Дрон 28 декабр куни бир соатдан кўпроқ парвоз қилиб, 2,4 км баландликда 280 км/соат тезликка эришган. 

ANKA-3 парвози ҳақидаги видео Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди. Унда «илғор технологияси, дизайни ва имкониятлари туфайли учувчисиз самолёт мамлакат мудофаасига катта ҳисса қўшиши» таъкидланган.

 

ANKA-3 разведка, кузатув ва жанговар вазифаларни бажариш учун мўлжалланган. У 12 километрдан ортиқ баландликда уча олади ва 1200 килограммгача фойдали юкни кўтариб, 10 соатгача ҳавода қолиши мумкин. 

Аввалроқ, Bloomberg Туркия Baykar компанияси туфайли жанговар дронлар ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчисига айланганини ёзган эди. Бунга Украинадаги жанг майдонида Bayraktar дронларининг имкониятлари яққол намойиш этилганидан кейин эришилди. Натижада, дунёнинг бошқа давлатларидан буюртмалар кўпайди. 

Шу йилнинг сентябр ойида Туркиянинг Bayraktar учувчисиз самолётлари тахминан бир ярим йилдан сўнг Украинада ишлаб чиқарила бошлаши, лойиҳага 100 миллион долларга яқин сармоя киритилиши маълум қилинган эди.

Мавзуга оид