Ўзбекистон | 13:04 / 30.12.2023
12667
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ичида 32 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус ағдарилиб кетди

ЙТҲ 29 декабр куни кечки вақтда Ақтўбе вилоятидаги трассада содир бўлган. Қутқарувчилар 32 нафар Ўзбекистон фуқаросини эвакуация қилди, улар Екатеринбург-Чимкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган бўлган. 

Фото: Видеодан кадр

Жорий йилнинг 29 декабрь куни соат 18:50 да Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Айтекеби туманидаги Қорабутак-Қўстанай автомобил йўлида йўловчи автобуси ағдарилиб кетгани ҳақида маълумот келиб тушган, деб хабар бермоқда Zakon.kz.

Воқеа жойида қутқарувчилар, маҳаллий ҳокимият ва ички ишлар бўлими ходимлари томонидан 32 нафар Ўзбекистон фуқароси туман масжидига эвакуация қилинган. 

«Ҳодиса жойида жабрланганлар йўқ. Йўловчилар Екатеринбург-Чимкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган бўлган», - дейилади Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги об-ҳаво шароити ёмонлашганда ва йўлларда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар жорий этилганда об-ҳаво ўзгаришини кузатиб бориш ва йўлга чиқмасликни сўраган. 

Қозоғистоннинг 6 та вилоятидаги республика аҳамиятидаги автомобил йўллари 15 та участкасида ноқулай об-ҳаво шароити, кучли қор туфайли ҳаракатланишга чеклов жорий этилган.

Мавзуга оид