13:47 / 30.12.2023
9139

Россия ракета ҳужумидан кейин Ғарб Киевни қўллаб-қувватлашга чақирди

АҚШ элчиси таъкидлашича, Украина Россиянинг сўнгги йирик ракета ҳужуми каби даҳшатлардан халос бўлиш учун курашни давом эттиришда молиялаштиришга муҳтож.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россиянинг Украина шаҳарларига ракета ҳужумларини кескин қоралади. «Бу мактаблар, метро бекатлари ва касалхонага қилинган навбатдаги пала-партиш ҳужум бўлди. Европа Иттифоқи Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлайди», деб ёзди у 29 декабр, жума куни X ижтимоий тармоғида. 

Яна бир қатор ғарб давлатларининг вакиллари ҳам худди шундай фикр билдирди. «Украинага 2024 йилда бундай даҳшатдан халос бўлиш учун курашни давом эттиришга ҳозирдан маблағ керак», - деди АҚШнинг Украинадаги элчиси Брижит Бринк. У Россиянинг Украина шаҳарларига берган йирик зарбаси оқибатларини шундай изоҳлади. 

Шу билан бирга, дипломат X ижтимоий тармоғида Киевдаги ҳаво ҳужуми тўғрисида тревога бўйича билдиришномалар скриншотини жойлаштириб, бу «украиналиклар эрталаб телефон экранида кўрган нарса» экани, «Россия бутун мамлакатни ракета билан ўққа тутаётганида, миллионлаб эркаклар, аёллар ва болалар бомба бошпаналарида қолаётганини» билдирди.

Ўз навбатида, Буюк Британиянинг Украинадаги элчиси Мартин Хэррис Россиянинг мамлакат фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларини жиноят деб атади. «Бугун эрталаб Россиянинг Украинага янги ҳужумлари. Маълумотларга кўра, туғуруқхона, турар жой бинолари, савдо марказлари ва вокзаллар ҳужум остида қолган - ва бу дам олиш кунлари арафасида. Фуқаролик инфратузилмасига ҳужум жиноятдир», - деб таъкидлади у. 

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. «Украина шаҳарларига қилинган бу кенг кўламли ҳужумлар Россия эркинлик ва демократияни йўқ қилиш мақсадига эришиш учун ҳеч нарсадан тўхтамаслигини кўрсатади, - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. - Биз унинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз. Биз Украина томонида қанча керак бўлса, шунча вақт қолишимиз керак».

Литва президенти Эдгарс Ринкевичс ҳам иттифоқчиларни Украинага «ҳозир барча зарурий ҳарбий ва молиявий ёрдам» беришга чақирди. «Бу - уруш ва тинч аҳоли нишонларига ҳужумларни тўхтатишнинг ягона йўли. Бу - оғир даврда Украина билан тўлиқ бирдамлик!» - дея маълум қилди у.

Ўз навбатида, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россиянинг Украинага ракета ҳужумларига жамоавий жавоб «барқарор ва узоқ муддатли ҳарбий ва молиявий ёрдамни давом эттириш бўлиши керак», деди. 

Айни пайтда, Украина ТИВ сайтида қуйидаги баёнот эълон қилинди: «Россия қўшинлари украиналик аёллар, болалар, қариялар ва тинч аҳолига қарши курашмоқда. Россиянинг Украинада бугунги кунда содир этган жиноятлари - унинг Украина мудофаа кучлари билан жанг майдонида вазиятни ўзгартиришга қодир эмаслиги учун қасос. Биз халқаро ҳамжамиятни Украина халқига қарши геноцидни тўхтатиш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирамиз. «Сулҳ», «ҳудудлардан вақтинча воз кечиш», «чарчоқ», «музокаралар» Россияни тўхтата олмайди, фақат унинг кўламини ошириб юборади. Россия Украинани тўлиқ йўқ қилишдан бошқа сценарийни кўриб чиқаётгани йўқ».

БМТ Россияни ўққа тутишни тўхтатишга чақирди 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк Россиянинг Украинага берган зарбаларини қоралади ва Москвани ҳужумларни «зудлик билан» тўхтатишга чақирди. Тюркнинг таъкидлашича, отишма натижасида фуқаролик инфратузилмаси, жумладан турар жой бинолари, мактаблар, болалар боғчалари, туғуруқхона, парклар, метро станциялари ва савдо марказлари, шунингдек, энергия инфратузилмаси зарар кўрган. «Халқаро гуманитар ҳуқуқ фуқаролик объектларига атайин қаратилган ҳужумларни, шунингдек, ҳар қандай шароитда пала-партиш ҳужумларни аниқ тақиқлайди», деди Тюрк. 

«Россиянинг учувчисиз учоқлар ва ракеталардан фойдаланган ҳолда, яна бир тўлиқ миқёсли, мувофиқлаштирилган ҳужуми натижасида Украина ҳудудида камида 23 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 134 киши яраланганидан даҳшатга тушдим», — деб ёзди БМТ олий комиссари Х ижтимоий тармоғида.

Россиянинг Украина шаҳарларига йирик ракета ҳужуми 

29 декабрга ўтар кечаси Россия Украинанинг қатор шаҳарларига турли турдаги ракеталар, дронлар ва бошқа қуроллардан фойдаланган ҳолда йирик ҳаво ҳужумини амалга оширди. Шу билан бирга, Киев, Одесса, Лвив, Харкив ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги объектлар нишонга айланди. Ушбу ҳужум натижасида фуқаролик объектлари, жумладан, турар жой бинолари, туғуруқхона ва метро бекати ҳам зарар кўрган. 29 декабр куни 17 киши ҳалок бўлгани ва 100 дан ортиқ фуқаро жароҳат олгани маълум қилинди.

Top