Украина Белгород шаҳрига зарба берди, бу энг кучли зарба бўлгани айтилмоқда
Украина оммавий ахборот воситалари буни Россия қўшинларининг бир кун олдинги ёпирилма зарбаларига жавоб деб атамоқда.
30 декабр куни тушдан кейин Россиянинг Белгород шаҳри маркази ўққа тутилди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, зарбалар уруш бошланганидан бери «энг кучлиси» бўлган. Маҳаллий каналлардан олинган хабарларга кўра, Белгород универмаги, «Динамо» спорт мажмуаси, Белгород давлат техника университети биносига, одамлар бўлган муз майдончасига ракета зарбаси берилган.
Зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расман 14 киши ҳалок бўлгани, улардан икки нафари бола эканини маълум қилди. Шунингдек, 108 нафар киши яраланган (улардан 15 нафари бола).
Шаҳарда ракета зарбаси ҳақида огоҳлантириш сиренаси янграган ва барча аҳоли бошпаналарга боришга чақирилган. Тахминан бир соат ўтгач, огоҳлантириш бекор қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зарба ҳақида огоҳлантириб, газ ва сув жўмрагини ёпиш, зарур бўлган нарсаларни олиш ва бошпаналарга боришни талаб қилган. Аммо аҳолининг айтишича, кўплаб бошпаналар муҳрлаб, қулфлаб қўйилгани сабабли, шаҳарликлар улардан фойдалана олмаган.
Қайд қилинишича, зарбадан кейин шаҳар марказидаги кўплаб йўллар тўсиб қўйилган. Шаҳарда вайронагарчиликлар ва қурбонлар ҳақида маълумот олиш учун ишонч телефони ишга туширилган. Маъмурият зарба оқибатларини бартараф этиш учун фавқулодда ҳолат жорий этмоқчи экани айтилмоқда.
Украина оммавий ахборот воситалари хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб, ҳужум Украина шаҳарларининг ўққа тутилишига жавоб деб атамоқда. Белгородга ҳужум Украинанинг «хавфсизлик ва мудофаа кучлари» томонидан амалга оширилгани, бу яқинда «Днепр, Харкив, Одессанинг ваҳшиёна ўққа тутилиши ва тинч аҳолининг ўлдирилиши»га қарши чора экани, Украина шаҳарларига қилинган ҳужумларга жавоб бўлгани айтилмоқда.
Баъзи манбалар зарбаларнинг Белгороддаги «ҳарбий нишонларга» берилганини таъкидлаган. «Белгороддаги фуқаролик инфратузилмасига берилган зарбалар Россия ҳаво мудофаасининг нопрофессионал ҳаракатлари, шунингдек, атайлаб ва режалаштирилган провокациялар натижасидир», деган «Украинская правда» манбаси.
Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Белгородга ҳужум қилиш орқали Украина Қуролли кучлари «эътиборни фронтдаги мағлубиятлардан чалғитишга», шунингдек, «бизни ҳам шундай ҳаракатларга ундашга» уринмоқда. Департамент россиялик ҳарбийлар ҳар доим «фақат ҳарбий объектлар ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган инфратузилмага зарба беришини» яна бир бор такрорлади. Мудофаа вазирлиги зарбалар «Олха» ва «Vampire» ракеталари билан берилгани, уларнинг аксарияти уриб туширилганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқлардаги видеоларга қараганда, Белгородда оғирлиги 50-100 килограмм бўлган ўқ-дорилар портлаган. Улардан бирига асосланиб, ракеталарнинг келиш йўналиши жанубдан, Украина чегараси томондан эканини тахмин қилиш мумкин. Яна бир қанча видеолардан кўриниб турибдики, шаҳарда портлаган ўқ-дориларнинг бир қисми жароҳат етказувчи элементлар билан жиҳозланган. Бу Россия ҳаво мудофаасининг ракеталари ёки Украина ракеталари ҳам бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
21:09 / 05.11.2024
Сайловдан кейин Америка Россия ва Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирадими?
15:35 / 05.11.2024
Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик 5 йилга қамалди
15:30 / 05.11.2024
Зеленский: Октябрда Украинага 2 мингдан ортиқ дрон ҳужум қилди
14:50 / 05.11.2024