Жаҳон | 00:04 / 03.01.2024
15379
2 дақиқада ўқилади

Ню-Йорк аҳолиси бир қатор портлашлар ҳақида хабар берди

Полиция террорчилик хавфи йўқлигини маълум қилди. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Американинг Ню-Йорк шаҳридаги Рузвелт ороли аҳолиси портлаш товушлари ҳақида хабар берди. 2 январ куни эрталаб тонгда шаҳарликлар «уйларини силкитган учта тебранишни» ҳис қилган. Баъзилар портлашга ўхшаш товушларни эшитган. 

Ню-Йорк ўт ўчириш департаменти хабарига кўра, эрта тонгда уларга «бинолар силкингани ва портлаш содир бўлгани» ҳақида қўнғироқ қилишган. Ҳодиса Рузвелт ороли кўпригидан жанубда содир бўлгани айтилмоқда. 

Қайд этилишича, воқеа жойига қутқарув бўлинмалари етиб борган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. 

«Ҳодиса назоратга олинди. Портлашлар ва силкинишлар сабаби аниқланмади. Con Edison (Ню-Йоркнинг электр ва газ таъминоти компанияси) воқеа жойида», деб қўшимча қилди департамент. 

Con Edison ҳозирча ҳодисага изоҳ бермади. 

Ўз навбатида, Ню-Йорк полицияси портлашлар ҳақидаги хабарларни текшириш чоғида террорчилик таҳдидини аниқламаганини маълум қилди. 

«Эрта тонгда 911 хизматига асосий кўча ва дарё йўли кесишмасида портлаш содир бўлгани ҳақида қўнғироқ келиб тушди. Электр таъминотида узилишлар бор. Ҳеч қандай таҳдид, хавфли материаллар, ёнғинлар, электр симларининг ёниб кетиши каби ҳолатлар йўқ», деди полиция. 

Рузвелт ороли Манҳэттендан шарқда, Ню-Йорк шаҳридан ўтувчи Ист-Ривер дарёсида жойлашган.

Мавзуга оид