Жаҳон | 13:25 / 04.01.2024
9915
3 дақиқада ўқилади

44 давлат ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги ҳужумларини қоралади

Ғазо секторида уруш бошланганидан бери Ямандаги ҳусийчи исёнчилар Қизил денгиздаги савдо кемаларига тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда. 18 та логистика компанияси бу ҳудудда юк ташишдан воз кечди.

Фото: EPA

44 давлат Яманнинг ҳусийчи исёнчиларининг Ғазо секторидаги уруш вақтида Қизил денгизда савдо кемаларига қилган ҳужумларини кескин қоралади ва биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. «Қизил денгизда давом этаётган ҳусийчилар ҳужумлари ноқонуний, уни қабул қилиб бўлмайди, ҳолат чуқур беқарорлик келтириб чиқаради. Фуқаролик кемалари ва ҳарбий кемаларга қаратилган мақсадли ҳужумларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу - дунёдаги энг йирик денгизлардан бири бўйлаб глобал савдонинг асосий таянчи бўлган навигация эркинлигига бевосита таҳдиддир», дейилади 3 январ, чоршанба куни Германия ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган 44 мамлакат ҳукуматлари қўшма баёнотида. 

Ҳужжатда ҳусийчиларнинг хатти-ҳаракатлари бутун дунё бўйлаб бегуноҳ одамлар ҳаётига таҳдид солаётгани ва жамоавий ҳаракат талаб қиладиган жиддий халқаро муаммо эканлиги таъкидланган. «Халқаро денгиз савдосининг қарийб 15 фоизи Қизил денгиз ҳиссасига тўғри келади, шу жумладан дон савдосининг 8 фоизи, нефт савдосининг 12 фоизи ва суюлтирилган газ савдосининг 8 фоизи. Халқаро юк ташиш компаниялари ўз кемаларининг йўналишини ўзгартирмоқда, бу эса товарлар таннархининг кескин ошиши, бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат, ёнилғи ва инсонпарварлик ёрдами оқимини кўп ҳафталар кечиктиради», - дейилади баёнотда. 

Ҳужжатда таъкидланишича, агар ноқонуний ҳужумлар ва кемаларни ноқонуний эгаллаб олиш тўхтамаса, ҳусийчилар инсонлар ҳаётига, жаҳон иқтисодиётига ва минтақадаги асосий денгиз йўлларига хавф туғдиришда давом этса, оқибатлари учун тўлиқ жавобгарлик уларнинг зиммасига тушади. «Биз қоидаларга асосланган дунё тартибига содиқ қоламиз ва ёмон ниятли шахсларни ноқонуний эгаллаб олиш ва ҳужумлар учун жавобгарликка тортишга қатъий қарор қилдик», - дейилади АҚШ, Австралия, Канада, Дания, Япония, Баҳрайн, Янги Зеландия каби 44 давлатнинг қўшма баёнотида. 

Логистика компаниялари юк ташишни тўхтатяпти

Халқаро денгиз ташкилоти (IMO) маълумотларига кўра, 18 та логистика компанияси аллақачон Қизил денгизда юк ташишдан воз кечди. 2 январ куни энг йирик ташувчилардан бири - Maersk Қизил денгиз ва Аден бўғози орқали юк ташишни номаълум муддатга тўхтатди. Maersk кемаларидан бирига Баб ал-Мандеб бўғозидан ўтганидан сўнг номаълум объект келиб урилган. 

Ҳусийчиларнинг ҳужумлари туфайли юк ташиш нархи кескин ошди. Осиё ва Шимолий Европа ўртасидаги юк ташиш қиймати бу ҳафта икки бараварга ортиб, бир контейнер учун 4000 доллардан кўтарилди. Осиё ва Ўрта Ер денгизи минтақаси ўртасидаги юк ташиш нархи ҳар бир контейнер учун 5175 долларгача етди. Йирик юк ташиш компаниялари январ ойининг ўрталарига бориб Ўрта Ер денгизига етказиб бериш нархи бир контейнер учун 6000 долларгача кўтарилиши ҳақида хабар берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид