Жаҳон | 22:39 / 04.01.2024
7226
2 дақиқада ўқилади

Эрондаги терактда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ

103 киши ҳалок бўлган портлашларда ўзбекистонликлар йўқлиги маълум қилинди. 

Фото: Reuters

Эроннинг Кирмон шаҳрида юз берган кучли портлаш оқибатида 103 киши ҳалок бўлиб, 200 нафардан ортиғи жароҳатланган эди. ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов берган маълумотга кўра, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. 

3 январ куни Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний дафн этилган қабристон ҳудудида мотам маросими ўтказилаётганида портлашлар рўй берди. Tasnim агентлиги ўз манбасига таяниб хабар беришича, бомбалар қабристонга кириш жойига ўрнатилган. 

Эрон ташқи сиёсатининг бош мафкурачиси бўлган Қосим Сулаймоний 2020 йил 3 январ куни Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги халқаро аэропорт ҳудудида ўлдирилган эди. У Эрондаги энг нуфузли шахслардан саналган ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг мамлакатдан ташқарида амалиётлар ўтказиш билан шуғулланган элита бўлинмаси «Ал-Қудс»га раҳбарлик қилган. 

Шунингдек, Сулаймоний Эроннинг Яқин Шарққа таъсирини ёйишда муҳим рол ўйнаган ва Теҳроннинг ушбу минтақадаги асосий рақиблари бўлган, АҚШ, Саудия Арабистони ва Исроил уни тийишга уриниб келган.

Мавзуга оид