Жаҳон | 16:25 / 06.01.2024
6596
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди Трампнинг праймериз бўйича апелляциясини кўриб чиқади

Колорадо ва Мэн штатлари Трампга бирламчи сайловларда иштирок этишга рухсат бермасликка қарор қилди. АҚШ собиқ президенти бу қарорларга қарши чиқмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ Олий суди судялари 5 январ, жума куни Доналд Трампнинг Колорадо судининг уни штатдаги бирламчи сайловларда иштирок этишини тақиқлаш ҳақидаги қарори устидан шикоятини кўриб чиқишга рози бўлди. Иш 8 феврал куни кўрилади ва Олий суд қарори бутун мамлакат бўйлаб мажбурий бўлади

Айрим штатларда Доналд Трампнинг праймеризда иштирок этишини тақиқлаш бўйича суд жараёнлари бошланди. Унинг рақиблари фикрича, у уч йил олдин Капитолийда тартибсизликлар келтириб чиқаришга чақирган ва шу орқали исёнда қатнашган. 

АҚШ Конституциясига 14-тузатиш «исён ёки қўзғолонда иштирок этган» ҳар қандай шахсга федерал лавозимни эгаллашни тақиқлайди. Собиқ президент адвокатлари Трампнинг исён қатнашчиси сифатида тавсифланиши ҳақиқатдан узоқ эканини таъкидламоқда. Колорадо Олий суди қарори АҚШ тарихида биринчи марта президентликка номзодни дисквалификация қилиш учун 14-тузатишдан фойдаланилганини англатади. 

Трамп Мэн штатида праймеризга номзодлар рўйхатидан ўчирилди 

Колорадодан ташқари Трампни Республикачилар партиясининг праймериз номзодлари рўйхатидан чиқариб ташлаш қарорини Мэн штати давлат котиби қабул қилди. Собиқ президент адвокатлари бу ҳолатда ҳам маҳаллий судга мурожаат этди. Қарор ижроси АҚШ Олий суди томонидан тасдиқланмагунча тўхтатилди. 5 март куни Мэн ва Колорадо штатларида бирламчи сайловлар бўлиб ўтади. 

Иккала ҳолатда ҳам Республикачилар партиясидан сайловда етакчи номзод бўлган Трамп исённи қўзғатиш бўйича жиноий айблов илгари сурилгани йўқ.

АҚШда сайловлар 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтади 

АҚШда навбатдаги, 60-президентлик сайлови 2024 йил 5 ноябрга белгиланган. 2022 йил 15 ноябр куни АҚШ 45-президенти Доналд Трамп ўз сайловолди кампанияси бошланганини эълон қилди. 2023 йил 25 апрелда амалдаги президент Жо Байден ҳам ўз номзодини илгари суришини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид