Россия ва Украина ўртасида зарбалар алмашинуви давом этмоқда. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 683-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украина ҚК ҳаво кучлари хабарига кўра, 7 январга ўтар кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мамлакат бўйлаб учирилган 28 дрондан 21 тасини уриб туширган. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари Запорижжя, Миколайив, Одесса, Днипропетровск, Кировоград, Винница ва Черкасс областларида ишлаган.
- Кремл Владимир Путин Рождествони Украинадаги урушда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари билан кутиб олганини хабар қилди. Байрам зиёфати ва рождество ибодати президентнинг Москва областидаги Ново-Огарёво қароргоҳида бўлиб ўтган.
- Белгородда яшовчи юздан ортиқ киши отишмалар туфайли Старий Осколга эвакуация қилинди. Губернатор Вячеслав Гладков украинларнинг 30 декабр кунги зарбасидан кейин эвакуация ҳақида эълон қилганди, ўшанда 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, яна юздан ошиқ киши яраланган.
- Челябинскда бомбардимончи самолётга ўт қўйишда гумонланган 16 ёшли ўсмир қўлга олинди. ФХХга кўра, у Украина махсус хизматлари топшириғи бўйича ҳаракатланган. Ҳибсга олинганнинг шахси очиқланмаган.
Япония ташқи ишлар вазирининг Киевга ташрифи
Япония ТИВ раҳбари Йоко Камикава берган хабарга кўра, Токио Киевга 37 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади. Бу маблағлар Украина учун учувчисиз учиш аппаратларини аниқлаш тизимларини сотиб олиш учун НАТО траст фондига ўтказиб берилади. Камикава Япония ҳукумати Украинага қишдан чиқишда ёрдам сифатида бешта мобил газ турбинали генераторлар ва еттита трансформатор беришини қўшимча қилган.
«Мен шунчалик узоқ вақт давомида Россия тажовузидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган украин халқининг мардлигига яна бир бор ҳурмат изҳор этишни истардим. Япония Украинада яна тинчлик ҳукм суриши учун Украинани қўллаб-қувватлашга қатъий аҳд қилган», — деди вазир Киев метросида ўтказилган матбуот анжуманида.
Донецк областининг Ривне қишлоғи ўққа тутилиши оқибатлари
8 январга ўтар кечаси Россия қўшини Донецк областининг Украина ҚК назорати остидаги Покровск шаҳрини (оккупация остидаги Донецкдан 55 километр масофада жойлашган) ва қўшни Ривне қишлоғини ўққа тутди. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳужум оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, шундан беш нафари болалар. Яна саккиз киши жароҳатланган. Маъмурий бинолардан бири, шунингдек, турар жой, гараж ва автомобиллар шикастланган.
«РБК-Украина» нашри ёзишича, Ривнеда олти киши (уч нафари болалар) яшаган хусусий уй тўлиқ яксон бўлган. Улар қурбонлар орасида бўлгани бўйича аниқлик киритилмаган.
Днипрога дронлар ҳужуми оқибатлари
6 январ куни кечқурун РФ армияси учувчисиз учар қурилмалар билан Днипрога ҳужум қилди. Област раҳбари Сергей Лисакнинг сўзларига кўра, иккита кўп қаватли уй, таълим муассасаси биноси ва маъмурий бино шикастланган. Украина ФВДХ ходимлари олти кишини, жумладан икки болани қутқаришган. Қурбонлар ҳақида хабар йўқ.
Донецк ўққа тутилиши оқибатлари
7 январ куни кечқурун украин ҳарбийлари оккупация остидаги Донецкни ўққа тутди. ДХРнинг Украина уруш жиноятлари билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш қўшма маркази (СЦКК) қошидаги ваколатхонасига кўра, Украина қуролли кучлари кассетали снарядларни қўллаган. Бу ҳақда РИА Новости ҳам ёзган, аммо бу маълумотни мустақил манбалардан текширишнинг имкони йўқ. Кейинроқ «Известия» Украина армияси Донецкка «Град» баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали зарба йўллаганини хабар қилди. Снарядлардан бири 6-шифохонасига келиб урилиши оқибатида тинч аҳоли вакиллари бўлган уч киши яраланган.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024