Жаҳон | 23:48 / 08.01.2024
8737
2 дақиқада ўқилади

Швеция ҳукумати фуқароларни эҳтимолий урушга тайёрланишга чақирди

Фуқаролар урушга «индивидуал даражада маънавий жиҳатдан тайёрланиши» кераклигини таъкидланди.

Фото: Getty Images

Швеция фуқаро мудофааси вазири Карл-Оскар Булин ватандошларини эҳтимолий урушга тайёр туришга чақирди. Унинг сўзларини Швеция ҳукумати портали келтирмоқда. 

«Буни мендан олдин ҳам кўп одамлар айтган, бироқ буни расмий мақомда, янада аниқроқ айтсам: Швецияда уруш бошланиши мумкин», деди вазир шведларни қўрқитмоқчи эмаслигини қўшимча қилиб. 

Булин ўз нутқида тинчлик «ўзгармас константа» эмаслигини таъкидлади, «ҳатто Швеция анъанавий тинч мамлакат бўлишига қарамай». Булин барча шведларни умумий Швеция мудофаасини яратишга ёрдам беришга чақирди. 

Швеция Қуролли кучлари бош қўмондони Микаэл Бюден вазирнинг сўзларига изоҳ берар экан, барча фуқаролар урушга «индивидуал даражада маънавий жиҳатдан тайёрланиши» кераклигини айтди. «Ҳаммаси жиддий ва ҳатто вазият янада ёмонлашиши мумкин», деб қўшимча қилди Бюден. 

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кўп ўтмай, бетарафлик сиёсатига амал қилган Швеция ва Финляндия НАТО аъзоси бўлиш учун ариза берди. 

2023 йил апрел ойида Финляндия НАТО аъзоси бўлди. Бироқ, Швеция қачон иттифоққа қўшилиши ҳозирча номаълум. 

НАТО аъзоси бўлиш учун мамлакат аризаси ташкилотнинг барча аъзолари томонидан маъқулланиши керак. Швециянинг НАТО аъзоси бўлиши учун фақат Туркия узоқ вақтдан бери қаршилик қилаётган эди. Бироқ, 2023 йил июл ойида Туркия ҳукумати мамлакат аризасини маъқуллашга ваъда берди. Ҳозирча Туркия парламенти бу борада бирор қарор қабул қилмаган. 

Аввалроқ, Нидерландия армияси бош қўмондони фуқароларни Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирган эди.

Мавзуга оид