14:47 / 10.01.2024
5084

Қизил денгизда 20 дан ортиқ ракета ва дрон уриб туширилди

АҚШ минтақавий қўмондонлиги Ямандан халқаро юк ташиш йўналишлари томон учирилган 18 та учувчисиз учоқ ва учта кемага қарши ракетани тутиб олганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг ноябр ойидан бери ҳусийчиларнинг 26-ҳужумидир.

Фото: U.S. Navy/abaca/picture alliance

Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчи исёнчилари Қизил денгиздаги савдо кемаларига янги ҳужум уюштирди. 9 январ, сешанба куни кечқурун АҚШ қуролли кучлари минтақавий қўмондонлиги маълум қилишича, АҚШ ва Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучлари Қизил денгиз жанубида халқаро юк ташиш йўналишлари ва улардаги ўнлаб савдо кемалари томон отилган 18 та дрон ва 3 та ракетани уриб туширди.

Хабарларга кўра, эҳтимолий қурбонлар ёки зарар ҳақида маълумот йўқ. Ушбу маълумотларга қараганда, ҳусийчилар ҳужум қилиш учун Эрон томонидан ишлаб чиқарилган OWA UAVS дронлари, кемаларга қарши қанотли ва баллистик ракеталардан фойдаланган. Улар Американинг USS Dwight D. Eisenhower, USS Gravely, USS Laboon, USS Mason, шунингдек, Британиянинг HMS Diamond авиаташувчиси томонидан уриб туширилган. 

Бу - ўтган йилнинг 19 ноябридан бери Қизил денгиздаги тижорий юк ташиш йўналишларига ҳусийчиларнинг 26-ҳужуми. 

Ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги ҳужумлари ва Prosperity Guardian халқаро операцияси 

Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан сўнг, Яман ҳусийчилари Қизил денгизда савдо кемаларига ҳужум қилмоқда. Исёнчилар ўзларининг «Ғазо секторидаги биродарларига Исроил агрессияси» тўхтамагунича, «дунё бўйлаб Исроил кемаларига ҳужум қилишда» давом этишини айтмоқда. Бир қанча юк ташиш компаниялари, хусусан, Германиянинг Hapag-Lloyd ва Даниянинг Maersk, шунингдек, Mediterranean Shipping Company (MSC) und CMA CGM ширкати ўз кемаларини Қизил денгиз ва Араб денгизидаги Адан кўрфазини боғловчи Боб ал-Мандеб бўғози орқали жўнатишни вақтинча тўхтатишини эълон қилди.

18 декабр куни Қўшма Штатлар энг муҳим юк ташиш савдо йўлларидан бирининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Prosperity Guardian - «Фаровонлик қўриқчиси» халқаро операцияси бошланганини эълон қилди, унда Пентагон, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшел ороллари ва Франция қатнашяпти. Шундан сўнг юк ташувчи компаниялар Қизил денгиз ва Адан кўрфази орқали ҳаракат тиклангани ҳақида хабар берди.

Тинчлик даврида бутун дунё денгиз ташувларининг 10-12 фоизи, жаҳон нефт ташувларининг тахминан 5 фоизи ва контейнер ташувларининг тахминан 30 фоизи Қизил денгиз орқали ўтади. 

Top