19:11 / 12.01.2024
15650

АҚШ ва Британиянинг ҳусийчиларга ҳужуми. Ҳозиргача нималар маълум?

Россия буни БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини «булғаш» деб атаган.

Фото: Reuters

АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги исёнчи ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларни бас қилиши учун уларнинг позицияларига зарбалар йўллади. Вашингтон ва Лондоннинг ҳаракатларини Қизил денгиз коалицияси аъзолари ҳам қўллаб-қувватлади.

Зарбалар натижасида ҳусийчиларнинг ўнлаб нишонлари йўқ қилинган, аммо операция қурбонларсиз ўтмаган. Ҳусийчилар бу зарбалар уларни тўхтатмаслиги, Исроилга юк олиб кетаётган кемаларга ҳужумлар давом эттирилишини маълум қилган. АҚШ томони эса авиазарбалар натижасида исёнчиларнинг ҳарбий имкониятлари сезиларли даражада кучсизланганини билдирган.

Сано чеккасидаги ҳудудга берилган зарбадан кейинги портлаш, 2024 йил 12 январ
Wang Shang / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Қандай нишонларга зарба берилган?

АҚШ ҳарбийлари ҳусийчиларнинг 16 та нуқтадаги 60 та нишонига аниқ зарба берилганини маълум қилди. Бу ҳақдаги баёнотда ҳусийчилар Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши яна бир бор таъкидланган.

Пентагон зарба берилган нишонлар орасида радар тузилмалари, қурол-яроғ омборлари, учувчисиз қурилма ва ракета учириш майдонлари, шунингдек, ҳусийчилар бошқарув пункти бўлганини санаб ўтди. Зарбалар ҳусийчилар назоратидаги асосий шаҳар Санога, Ҳудайда порт шаҳрига ва яна бошқа шаҳарларга қаратилган.

Британия разведкаси эса Асдасдаги аэродромга зарба берилгани, бу ердан ракета ва дронларни учиришда фойдаланишганини билдирган. Шунингдек, Банийдаги инглиз разведкаси учувчисиз қурилмалар учириш майдони деб ҳисоблаган ҳудудга ҳам зарба берилган.

Қурбонлар борми?

Ҳусийчилар тун давомида умумий 72 та зарба берилгани ҳақида баёнот берди. Уларнинг вакилига кўра, зарбалар оқибатида 5 киши ҳалок бўлган. Пентагон эса зарбалар юқори аниқликдаги қуроллар ёрдамида фақат ҳарбий нишонларга қаратилганини таъкидлаган.

Сиёҳранг билан Яманнинг ҳусийчилар назоратидаги қисми белгиланган

Британия ва АҚШ қандай қуролдан фойдаланган?

Асосий зарбалар АҚШнинг Қизил денгиздаги авиаташувчи кемасидан ва мамлакатнинг минтақадаги авиабазаларидан туриб йўлланган. Америкаликлар ҳарбий кемалардан берилган зарбаларда GPS-бошқарувга эга ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига чап берадиган Tomahawk қанотли ракеталаридан фойдаланган. АҚШ томони рақамларга аниқлик киритмаган, лекин нишонлар томон турли хилдаги 100 дан ортиқ ўқ-дорилар отилгани ҳақида ҳисобот берди.

Британия томонидан зарбаларда бирданига бир неча нишонларга зарба бера оладиган 4 та Typhoon қирувчи самолётлари иштирок этган. Улар Кипрдаги авиабазадан ҳавога кўтарилган. Инглизлар қанча бомба ташлангани ҳақида маълумот бермаган. Қизил денгизда Британия ҳарбий-денгиз кучларининг иккита кемаси бўлса ҳам, уларнинг ҳеч бири қуруқликдаги нишонларга зарба беришга мослашмаган. Шу сабабли улар операцияда иштирок этмаган.

Ҳусийчилар сўнгги ойларда Боб-ал-Мандиб бўғози орқали кемалар қатновига хавф солиб келмоқда

Ҳусийчилар қандай реакция билдирди?

Яман ҳусийчилари Исроил Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмагунига қадар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилишини айтиб келади. Улар Исроилга бораётган ёки унга алоқаси бўлган ҳар қандай кемани қонуний нишон деб ҳисоблайди. Аммо улар кўп марта Исроилга алоақаси бўлмаган кемаларга ҳам ҳужум қилган.

Ҳусийчилар етакчиси Муҳаммад ал-Буҳайти Яманга берилган зарбалардан кейин АҚШ ва Британия тез орада ўз тарихидаги энг катта хатога йўл қўйганини англаб етишини маълум қилди.

«АҚШ ва Британия Яман билан уруш бошлаб катта хато қилди. Чунки улар ўтмишдан хулоса қилишни билишмайди», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. Шунингдек, дунё аҳлида ё қатлиом қурбонлари бўлган мазлумлар ёки қатлиомга рози бўлганлар томонида туришдек икки йўл борлигини қўшимча қилди.

Ҳусийчиларнинг яна бир вакили ҳам шу йўсинда гапириб, АҚШ ва Британия бу иши орқали Яман Фаластинни қўллашни бас қилади деб ўйласа, адашишини айтди. Ямандаги ҳусийчиларни қўлловчи Эрон бу зарбаларни Яман ҳудудий яхлитлигига таҳдид ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.

Сувайш каналидан йилига 17 минг кема ўтади. Улар 1 трлн долларлик маҳсулотларни ташийди. Яъни жаҳон савдосининг 12 фоизлик қисми Қизил денгиз орқали олиб ўтилади.

Байден ва Сунак зарбаларни қандай оқламоқда?

АҚШ президенти зарбаларни ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумига тўғридан тўғри жавоб деб атаган. «Бу ҳужумлар америкалик ҳарбийлар, оддий денгизчилар, иттифоқчиларимиз ҳаётини хавф остига қўяди, савдо эркинлигига зарар етказади», деган Байден.

Британия бош вазири Риши Сунак эса дунё юк ташиши учун коалициянинг ҳаракатлари муҳим бўлганини таъкидлади. «Кўп марта огоҳлантиришларга қарамай, ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилишни тўхтатишмади. Хусусан, ушбу ҳафтада АҚШ ва Британия ҳарбий кемаларига ҳужум қилишди», деди Сунак ва ортиқ бундай давом этиши мумкин бўлмаганини қўшимча қилди.

АҚШ ва Британиянинг ҳаракатларини Қизил денгиз коалициясига аъзо бўлган Австралия, Баҳрайн, Канада, Дания, Германия, Нидерландия, Янги Зеландия ва Жанубий Корея каби давлатлар қўллаб-қувватлаган.

Қизил денгизга кириш хавфли бўлиб қолгани туфайли кўплаб компаниялар юк ташишда Африкани айланиб ўтувчи узоқ ва жуда қимматга тушувчи маршрутдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Москва нима деди?

«АҚШнинг Яманга берган зарбалари англосаксларнинг БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини булғашининг навбатдаги мисолидир. Бу зарбалардан мақсад ўзларининг вайронкор ғояларини амалга ошириш ва минтақадаги эскалацияни кучайтириш бўлган», деб ёзди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.

Аввалроқ Россия АҚШ ва Британиянинг Яманга зарбаларидан кейин БМТ Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилиши ўтказишни сўрагани маълум бўлганди.

Маълумот учун, бу АҚШнинг Яманга 2016 йилдан буён илк зарбаси бўлди. Яманга зарбалардан кейин АҚШда ўнлаб одамлар иштирокида норозилик намойишлари ўтказилган. Намойишчилар Ню-Йоркдаги Таймс-сквер ва Вашингондаги Оқ уй биноси олдида тўпланиб, зарбаларни қоралаган, шунингдек, Фаластинни қўллаган.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top