Ўзбекистон | 10:12 / 13.01.2024
4518
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолиси сони 2030 йилга бориб 41 млн кишидан ошиши кутиляпти

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, туғилиш юқори кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда, мамлакат аҳолиси сони 2030 йилга бориб 41 млн кишидан ошади.

Фото: Kun.uz

Қозоғистоннинг «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги «2023 йилда Ўзбекистонда 900 мингдан ортиқ бола туғилди» сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар бермоқда «Дунё».

«Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2023 йилда республикада 968 минг 140 нафар янги туғилган чақалоқ рўйхатга олинган, - дейилади мақолада. - Улардан 466 минг 563 нафари қизлар, 501 минг 177 нафари ўғил болалардир. Бу 2022 йилга нисбатан 28360 нафарга кам».

Қайд этилишича, туғилишнинг энг юқори кўрсаткичи Самарқанд вилоятида кузатилган. Самарқандда ўтган йили 114446 нафар бола туғилган. Фарғона вилояти 107 минг 602 нафар бола билан иккинчи ўринда жойлашди. Туғилиш кўрсаткичи бўйича биринчи бешликка Қашқадарё, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари ҳам кирди.

«Янги 2024 йилнинг биринчи кунида Ўзбекистонда 1859 нафар чақалоқ дунёга келди. Ўзбекистон Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг таҳлилларига кўра, туғилишнинг юқори кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда мамлакат аҳолиси сони 2030 йилга бориб 41 миллион кишидан ошади», - деб ёзган «Казинформ».

Мавзуга оид