Россия ўз активлари мусодара қилинишига қарши чиқишга тайёрланяпти
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери ғарб давлатлари Россиянинг 300 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйган. АҚШ ва Европа Иттифоқи 2022 йилдан буён бу маблағларни мусодара этиш ва Киевга ўтказиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Россия ҳукумати Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг ғарб давлатлари томонидан музлатиб қўйилган Россия Федерацияси Марказий банкининг активлари мусодара қилиниши эҳтимоли бўйича суд жараёнларига тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар берди Bloomberg агентлиги 12 январ, жума куни манбаларга таяниб.
Анонимлик шарти билан гапирган Россия расмийларининг агентликка айтишича, Марказий банк суд жараёнлари юзага келган тақдирда Россия манфаатларини ҳимоя қилиш учун халқаро юридик фирмалар билан шартнома тузишга яқин турибди. Россия ҳукумати, шунингдек, хориждаги тегишли қонунчилик ва бошқа мамлакатлардаги прецедентларни таҳлил қилувчи эксперт хулосаларига буюртма берди.
Агентлик манбаларига кўра, Россия расмийлари суд музлатиб қўйилган активларни, гарчи Россия улар устидан назоратни тиклай олмаса ҳам, Украинага ўтказишнинг олдини олишига ишончи комил. Россия расмийлари фикрича, ғарбда активларни мусодара қилиш учун қонуний асослар йўқлиги сабабли судда ғалаба қозониш имконияти кам. Бошқа нарсалар қаторида, Россия расмийлари ғарб давлатлари Россия Федерациясининг музлатилган активларини мусодара қилишга уринишини эҳтимоли кам сценарий деб ҳисоблаяпти, деб ёзади агентлик.
Россия активларини музлатиш
2022 йил феврал ойи охирида Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг ғарб давлатлари Россия банки олтин-валюта захиралари деярли ярмини – тахминан 300 миллиард долларни музлатиб қўйди. Ушбу маблағларнинг аксарияти Европада жойлашган. Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ 2022 йилдан бошлаб ушбу активлардан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
2023 йил декабр ойида The New York Times газетаси Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага ҳужуми икки йиллиги муносабати билан Киевга ёрдам бериш учун музлатилган Россия активларидан фойдаланиш стратегиясини тайёрлаш мақсадида ўз иттифоқчилари билан шошилинч музокараларни бошлагани ҳақида хабар берди. Куни кеча Bloomberg хабар беришича, АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши Россиянинг музлатилган активлари бир қисмини мусодара қилиш ва ушбу маблағларни Украинани қайта тиклаш мақсадида ўтказиш имконини берувчи қонун лойиҳасини принципиал жиҳатдан қўллаб-қувватлаган.
Ноябр ойида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳукумати Россия активларини мусодара қилиш масаласига суд орқали эътироз билдирмоқчи эканини маълум қилди. «Бу шундай қарорлар қабул қилганлар ва бундай қарорлардан фойдаланганлар учун жуда жиддий суд ва ҳуқуқий харажатларга олиб келади», - дея огоҳлантирди Песков.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024