Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда Ижевскдаги отишма иши бўйича биринчи ҳукм чиқарилди
2022 йил сентябрида Ижевскдаги мактабда юз берган отишма натижасида 18 киши ҳалок бўлган эди. Хусусий қўриқлаш корхонасининг собиқ директори Алексей Злобин уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Россияда 2022 йил сентябрида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган Ижевскдаги мактабда юз берган отишма бўйича биринчи ҳукм чиқарилди. Ижевскнинг Октябрск туман суди 12 январ, жума куни «Щит» хусусий қўриқлаш корхонасининг 52 ёшли собиқ директори Алексей Злобинни уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Удмуртия судлари қўшма матбуот хизмати хабарига кўра, Злобин хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш ва қалбаки тўлов ҳужжатларида айбдор деб топилган. Суд хулосасига кўра, Злобин мактабга кираверишда тўғри кириш назоратини таъминламаган, бу эса ўқувчилар ва ходимлар хавфсизлигини хавф остига қўйган. «Интерфакс»нинг аниқлик киритишича, у, жумладан, ёши ва соғлиғи туфайли ўз вазифаларини тўлиқ бажара олмаган кекса қўриқчиларга ишлашга рухсат берган.
Злобин 500 минг рубл ўтказиш учун тўлов ҳужжатларини қалбакилаштиришда ҳам айбдор деб топилди.
Злобин айбини қисман тан олди
Суд мажлисида Алексей Злобин тўлов ҳисобрақамларини қалбакилаштиришда айбини тан олди, лекин хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги айбловни рад этди. Суд қарор қабул қилишда енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида Злобиннинг вояга етмаган болалари борлиги, унинг соғлиғи ва тергов билан ҳамкорлигини ҳисобга олди.
Алексей Злобин 2022 йил 28 сентябрда - Ижевск мактабидаги отишмадан икки кун ўтиб қўлга олинган. У уй қамоғига олинди, кейинчалик суд эҳтиёт чорасини ўзгартириб, айрим ҳаракатларни тақиқлади.
Ижевскдаги мактабда отишма
2022 йил 26 сентябр куни Ижевскдаги 88-сонли мактабнинг собиқ ўқувчиси таълим муассасасига келиб, ўт очган. 18 киши, жумладан, 11 бола ҳалок бўлди, яна 23 киши, жумладан 22 бола яраланди. Ҳужумдан кейин отишма уюштирган шахс ўз жонига қасд қилди.
Ўша куни Тергов қўмитаси ҳужумчининг шахсини аниқлаб, у 1988 йилда туғилган Артем Казанцев эканлигини айтди. Shot Telegram-канали хабарига кўра, унинг квартирасида тинтув ўтказилганда, у бир йилдан ортиқ вақт давомида оммавий қотилликка тайёргарлик кўргани ҳақида ёзувни топишган. Қўшниларининг айтишича, у психоневрология диспансерида рўйхатда турган.