Ўзбекистон | 16:49 / 14.01.2024
12160
2 дақиқада ўқилади

«Зарафшон» миллий табиат боғидаги ёнғин бўйича жиноят иши қўзғатилди

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида табиатга 120,7 млн зарар етказилган.

Фото: Бош прокуратура

Самарқанд вилоятида жойлашган «Зарафшон» миллий табиат боғида содир бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ёнғин 2024 йил 13 январ куни табиат боғининг Олмазор маҳалласи ҳудудида жойлашган қисмида келиб чиққан.

Ҳолат бўйича ёнғин-қутқарув экипажлари жалб этилиб, ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар аниқланмаган.

Қайд этилишича, вилоят прокуратураси масъуллари ҳодиса жойига чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, табиатга етказилган зарар миқдори 120,7 млн сўмни ташкил этган.

«Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилди. Тергов жараёни Бош прокуратура томонидан томонидан назоратга олинган», дейилади хабарда.

«Зарафшон» миллий табиат боғида 2021 ва 2022 йилларда ҳам икки мартадан ёнғинлар содир бўлган ва табиатга кўп миқдорда зарар етганди.

  • Маълумот учун, Зарафшон миллий табиат боғи Ўзбекистондаги 10 қўриқхона ва миллий боғлардан бири бўлиб, 1975 йилда қўриқхона сифатида ташкил қилинган, кейинчалик миллий табиат боғига айлантирилган. Боғ майдони 2352 гектарни ташкил қилади ва у Зарафшон дарёси бўйлаб 47 километрга чўзилган. Боғнинг асосий мақсади – республикада йўқолиб бораётган жонзотлар популяциясини тиклаш ва сақлаш, бошқа қуш ва ҳайвонлар турларини муҳофаза қилишдан иборат. Бу ерда 1995 йилдан Бухоро буғусини кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид