Жаҳон | 23:44 / 17.01.2024
9558
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони BRICS аъзоси бўлганини рад қилди 

Мамлакат ташкилотдан таклиф олган, аммо уни ҳали қабул қилмаган. 

Фото: Reuters

Ар-Риёз ривожланаётган мамлакатлар иқтисодий блокига аъзо бўлмади. Бу ҳақда Саудия Арабистони Савдо вазири Мажид Ал-Қасабий маълумот берди. У 17 январ куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида журналистлар саволига жавоб берар экан, қироллик BRICS таклифини ҳали қабул қилмаганини айтди. 

«Саудия Арабистони BRICS ташкилотига таклиф қилинган, аммо биз ҳали расман қўшилмаганмиз», деб унинг сўзларидан иқтибос келтирди Reuters. 

Аввалроқ, Саудия Арабистони давлат телевидениеси мамлакат BRICS аъзоси бўлгани ҳақида хабар берган эди. Аммо кейинчалик, бу хабарни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан ўчириб ташлади. 

BRICS 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган бўлиб, кейинчалик унга Жанубий Африка қўшилган. 2024 йил 2 январ куни унга Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия қабул қилинди. 

2023 йил декабр ойида Аргентина BRICS аъзоси бўлиш режасидан воз кечган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид