21:08 / 17.01.2024
9371

Хитой аҳолиси қаторасига иккинчи йил камайиб бормоқда

2023 йилда мамлакат аҳолиси 2,08 миллион кишига қисқарди. 

Фото: Noel Celis/AFP

Хитойнинг умумий аҳолиси 2023 йилда 2,08 миллион кишига камайди. Бу ҳақда Хитой Давлат статистика бошқармасига таяниб, Reuters хабар берди. 2022 йилда Хитой аҳолиси 850 минг кишига камайган ва бу ҳолат 1961 йилдан бери илк марта кузатилган эди. 

Аҳолининг камайишига туғилишнинг рекорд даражада пастлиги ва коронавирусга қарши қатъий чоралар бекор қилинганидан кейин юз берган ўлим тўлқини сабаб бўлгани таъкидланмоқда. Ўтган йили ўлим даражаси 6,6 фоизга ўсиб, 11,1 миллионга етган, бу 1974 йилдан бери энг юқори даражадир. 

Хитойда янги туғилган чақалоқлар сони ҳам 5,7 фоизга камайиб, 9,02 миллионга етган, туғилиш коэффициенти эса рекорд даражада паст бўлган — ҳар минг кишига 6,39 бола. 1980 йилдан 2015 йилгача олиб борилган «Бир оилага - бир бола» сиёсати ва жадал урбанизация оқибатида мамлакатда туғилиш даражаси ўнлаб йиллар давомида пасайиб бормоқда. 

Хитойнинг эркак аҳолиси 720,32 миллион кишига (0,2 фоизга пасайиш), аёл аҳолиси 689,35 миллион кишига (0,04 фоизга камайиш) етган. Меҳнат ёшидаги (16 ёшдан 59 ёшгача) фуқаролар улуши 61,3 фоизни ташкил этди - 2022 йилга нисбатан 0,7 фоиз кам. Мамлакатда 65 ёшдан ошган 216,76 миллион киши бўлиб, уларнинг сони 3,3 фоизга ошган. 

2023 йилда Хитой шаҳарлари аҳолиси 1,2 фоизга ўсиб, 932,67 миллион кишига етган. Қишлоқ жойларда 477 миллион киши истиқомат қилади (2,8 фоизга камайган). 

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистон 2023 йилда Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг аҳолиси энг кўп бўлган давлатига айланди. БМТ экспертлари Хитой аҳолиси 2050 йилга бориб 109 миллион кишига қисқаришини кутмоқда.

Top