Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Узоқ йиллик режада кўмир станцияларига ўтиш нотўғри” – энергетик билан суҳбат
Германиядаги ўзбек энергетиги Равшан Хўжанов кўмирга ўтиш сиёсати узоқ давом эттирилиши хато бўлишини, соҳа учун бу вақтинчалик ечим эканини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, кўмир станцияларига фақат заҳарли газлар ташқарига чиқарилмаган тақдирда ўтиш мумкин. “Бизнинг [Ўзбекистоннинг] станцияларимиз, кўмиримиз Европа стандартларига жавоб бермаслиги мумкин. Жавоб бериши учун янги технология, янги инновациялар, инвесторларни жалб қилишимиз керак”, – деди у Kun.uzʼга берган интервюсида.
17 ноябрнинг кечидан бошлаб Тошкентда чанг аралаш қуюқ туманли ҳаво кузатилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов инверсия ҳодисаси кузатилганда кўмир кули, қуруми ва бошқа ҳавони ифлослантирувчи моддалар узоқ муддат ҳавода муаллақ туриш хусусиятига эгалигини эслатди.
Эсингизда бўлса, анча аввалроқ Экология вазирлиги ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалардан бири бу кўмир ва мазут чиқаётган заҳарли ташланмалар эканини айтганди. Айни вақтда эса Ўзбекистон энергетикаси кўмирга ўтиш сиёсатини олиб бормоқда.
Аммо кўплаб мутахассислар бу вақтинчалик ечим эканини, жараёнда бошқа муқобил вариантларни ўйлаш лозимлигини айтишмоқда. Айни шу ҳақда батафсил гаплашиш учун Kun.uz Германиядаги ўзбек энергетиги Равшан Хўжанов билан суҳбатлашди.
– Дастлаб бутун дунёда ҳатто ривожланган давлатлар ҳам кўмирдан фойдаланишга ўтишаётгани ҳақида сўрамоқчиман. Нима сабаб айнан кўмирга ўтиш танланди ва бунга муносабатингиз қандай?
– Жудаям тўғри таъкидладингиз, дунёда ривожланган давлатлар бошида кўмир станцияларидан воз кечаётган бўлса, ҳозир яна аста-секин кўмир станцияларини тармоққа улашмоқда. Бунинг ўзига яраша турли хил сабаблари: сиёсий-иқтисодий сабаблари бор. Германиянинг мисолида оладиган бўлсак, Европада Германияда анча-мунча кўмир станциялари ёпилганди, ёпилаётганди ва кўзда тутилмаган сиёсий сабаблар, газ етишмовчилиги сабабидан ўтган йилдан тахминан 2 гегаватт кўмир станциясини тармоққа улади, бу мажбурий, вақтинчалик ечим сифатида қилинди. Ва бу кўмир станциялари тахминан 3 тани, уларнинг умумий қуввати 2 гегаваттни ташкил қилади. Буларни 2024 йилнинг баҳоригача ишлатишмоқчи.
Ўзингизга маълум, баҳордан бошлаб кунлар исийди, қуёш чиқади, шамол станциялари ишга тушса, уни [кўмир станцияларининг фаолиятини] тўхтатиш мумкин. Бу мажбурий ечим ҳисобланади. Ва бунинг оқибатида атроф-муҳитга заҳарли газларнинг ташланиши – табиий ҳол. 4 та станциядан ташқарига ташланадиган заҳарли газлари тахминан 15 млн тоннани ташкил қилади. Бу эса 2022-2023-йилларга ҳисоблаганда, умумий Германияда 750 млн тонна заҳарли газ ташқарига ташланган саналади. 15 млн тонна эса ортиқча ҳисобланади, 2 гегаватт кўмир станциясини ишга туширгани учун.
– Германия бу жараёнда экология бузилиши, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун қандай чоралар кўради?
– Боя айтиб ўтганимдек, бу – мажбурий бўлган ечим. Холис ўйлаб кўринг, агар ҳукумат бу қарорга келмаса, нима бўлиши мумкин? Энерготизим ишдан чиқиши мумкин, аҳоли ёки истеъмолчилар электр энергиясиз қолиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам улар максимал даражада муқобил энергиядан фойдаланади ва анъанавий электр энергия манбаларидан минимал фойдаланишга ҳаракат қилишади. Ҳозир ҳисоблайдиган бўлсак, Германияда 2023 йилда тахминан 400 тераваттдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилди, шундан 60 фоизи муқобил энергия, 40 фоизи анъанавий энергия манбалари ҳиссасига тўғри келади.
Сиз сўраган саволга жавоб берсам, яъни бу жараёнда қандай қилиб атроф-муҳитга заҳарли газ ташланмалари ташланишини меъёрлаштириш мумкин? Булар ўша станцияларнинг фойдаланиш коэффициентини максимал даражада оширишга ҳаракат қилишади, максимал даражада қиммат бўлса ҳам филтрлар (битта филтр 3 млндан 300 млн долларгача айланиши мумкин) ўрнатишади ва кўмир станцияларининг ҳозирги дунёдаги максимал самарадорлиги тахминан 44-45 фоизни ташкил қилади ва Германияда бундай станциялар мавжуд.
Аслида солиштириш нотўғри. Ўзбекистон билан солиштирадиган бўлсак, унда бу каби станциялардан фойдаланиш коэффициенти 30 фоизгача, Германияда эса 44 фоиз. Нима учун фарқ бунчалик катта? Бу станциянинг ва кўмирнинг сифатига боғлиқ. Германияда ўзининг кўмир конлари бўлишига қарамасдан улар Австралиядан кўмир ташиб олиб келишади. Ўзиникидан кўра арзонроқ тушиши мумкин ёки ўзиникини қазиб олаётган жараёнда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш учун ўзларидаги кўмир станциядан қазиб олишмайди.
– Ҳавони ифлослантиришда ҳиссадор саноат корхоналарига қандай чоралар кўришади, назорат механизми қандай?
– Нафақат Германия, умуман Европа Иттифоқида атроф-муҳитга ташланаётган заҳарли газлар, чиқиндиларнинг меъёри бор. Ҳар бир давлатга меъёр қўйилган. Мисол учун, Германия атроф-муҳитга йилига 500 млн тонна заҳарли газ ташлаши мумкин, ундан ортиғида эса жарима тўлаши мумкин, чегараси бор. Ўша 750 млн тоннага ҳам солиқ тўлайди, экология вазирликларига тўлайди, ўша атрофда яшаётган маҳалла, қишлоқ ёки шаҳарга, ҳукумат ҳамда ҳокимиятга қанчадир миқдорда компенсация тўлашга мажбур. Чунки шундагина саноат корхоналари ҳам заҳарли газ, чиқиндиларни атроф-муҳитга ташламасликка ҳаракат қилади. Агар бундай жарима, солиқлар бўлмаса, буларда қандайдир қизиқиш, интилиш бўлмайди [экологиянинг бузилишининг олдини олишга].
Мисол учун, Швецияда муқобил энергияга йўналтирилган катта бир компанияси бор, унинг станциялари Геманияда, Берлинда ҳам 4 та кўмир станциялари бор. Энди ЕИ кўмир станцияни муқобил энергияга айлантириш шартини қўйганди. Бу дегани қуёш, шамолдан эмас, иссиқлик насослари орқали муқобил энергия олиш мумкин. 4 та станцияни шу даражага келтириш учун эса 1,5 млрд доллар керак. Ўзи 4 та станция турса, 500 млн доллар туриши мумкин. Шунинг учун бу компанияни сотиб юбориш афзал кўрилмоқда. Энди инвестор уни олиб, Европа ҳамжамияти талаб қилган нормалар асосида станцияни қайта қуриши ва модернизация қилиши мумкин.
– Ана энди Ўзбекистон ҳақида батафсил гаплашсак. Ҳозирда бизда кўплаб саноат корхоналари, ижтимоий объектларнинг ҳам кўмирга ўтказилиш жараёни кетяпти. Бу жараёнга муносабатингиз қандай?
Ва яна бир савол туғиладики, Германияда ҳаво ифлосланиши ЖССТ белгилаган меъёрлардан ҳали ошгани йўқ, яъни кўмирдан фойдаланиш коэффициенти Ўзбекистондан юқори бўлса-да, ҳаво ифлосланиши айнан Тошкентдаги экологик вазият билан ўхшаш эмас. Бу нима билан боғлиқ?
– Жуда ҳам тўғри савол. Ўзбекистоннинг кўмир станцияларига ўтиши Германияда бўлгани каби сиёсий-иқтисодий нуқтаи назаридан мажбуран бўлган. Биз ҳам нима учун ўтяпмиз? Бу – вақтинчалик ечим ҳисобланади. Айтайлик, олдимизга қўйилган 10-15 гегаватт муқобил энергиядан истеъмол ёки электр энергиядан истеъмоли ёки ишлаб чиқариш... Бунга вақт керак, 8 гегаваттни тармоққа улаш учун бир йил керак бўлиши мумкин, мисол учун. 1 йил давомида биз истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашимиз керак, бизда нима бор шунда?
Бизнинг қўлимизда кўмир станциялари ёки бошқа станциялар бўлиши мумкин, бундан бошқа айнан ҳозир тиғиз вақтда биз мажбурмиз кўмир станцияларига ўтишга. Аслида узоқ йиллик режада, истиқболда кўмир станцияларига ўтиш нотўғри. Лекин қисқа муддатда, айтайлик, 6 ой ёки 1 йил учун кўмир станцияларига ўтиш муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш учун қилинган иш деб ҳисоблайман.
Кўмир станцияларига ўтиш мумкин, фақат заҳарли газлар ташқарига чиқарилмаган тақдирда. Бундай технология Европада, Германияда бор. Фақат қиммат бўлади. Бизнинг [Ўзбекистоннинг] станцияларимиз, бизнинг кўмиримиз Европа стандартларига жавоб бермаслиги мумкин. Жавоб бериши учун янги технология, янги инновациялар, инвесторларни жалб қилишимиз керак.
Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
20:02 / 26.05.2026
1 июндан кўмир нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинади
20:10 / 25.05.2026
Ўзбекистон Қирғизистон кўмирининг асосий харидори бўлиб қолмоқда
12:04 / 23.05.2026
Хитойда кўмир конидаги портлаш оқибатида камида 90 киши ҳалок бўлди
08:31 / 30.03.2026